Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Нега туғишган ака-ука ёки опа-сингил билан тинч-тотув яшаш керак?

Нега туғишган ака-ука ёки опа-сингил билан тинч-тотув яшаш керак?

 «Йироқдаги кишнашар, яқиндаги тишлашар»

Туғишган ака-ука ва опа-сингилларга «йироқдаги кишнашар, яқиндаги тишлашар» деган мақол тўғри келади. Уларни яхши кўрасиз, улар сизни яхши кўради, аммо баъзида улар билан тил топишиш осон эмас. 18 ёшли Хелена шундай деди: «Укам қонимни қайнатиб юборади. Жиғимга тегиш учун нима дейишни ва буни айнан қачон қилиш кераклигини роса яхши билади!»

Улар билан келишмовчиликларни ҳал қилиш учун гоҳида шунчаки гаплашиб олиш ва музокара қилиб кўриш керак. Бир нечта мисолга эътибор берайлик:

  • Битта хонада яшайдиган ака-ука орасида шахсий ҳаёт масаласида баҳс кўтарилиши мумкин. Бунинг қандай ечими бор? Муроса қилишга ўрганинг, ҳар бир инсоннинг бунга ҳаққи бор. Луқо 6:31 даги принципга амал қилинг.

  • Опа-сингил сўрамай туриб бир-бирининг кийимини кийиб туриши мумкин. Бунинг қандай ечими бор? Бу ҳақида суҳбатлашиб, муайян чегаралар ўрнатинг. 2 Тимўтийга 2:24 даги принципга амал қилинг.

Бироқ гоҳида ака-ука ва опа-сингиллар орасида бундан ҳам жиддийроқ муаммолар туғилиши мумкин. Оқибатлари ачинарли бўлиши ҳеч гап эмас. Муқаддас Китобдаги иккита кишининг мисолига диққат қаратайлик:

  • Марям ва Ҳорун укаси Мусога ҳасад қила бошлашди, бунинг оқибати қайғули эди. Саҳрода 12:1–15 даги воқеани ўқинг. Кейин қуйидаги савол устида фикр юритинг: «Ака-ука ёки опа-синглимга ҳасад қилмаслигимга нима ёрдам беради?»

  • Қобил укаси Ҳобилга қаттиқ жаҳл қилганида уни ўлдиришдан тап тортмади. Ибтидо 4:1–12 даги воқеани ўқинг. Кейин қуйидаги савол устида фикр юритинг: «Ака-ука ёки опа-синглим билан гаплашаётганда, жаҳлга берилмаслигимга нима ёрдам беради?»

 Тинч-тотув яшаш учун иккита сабаб

Ака-ука ёки опа-сингиллар билан тил топишиш қанчалар қийин бўлмасин, буни камида иккита сабабга кўра қилиб кўриш арзийди.

  1. Бу етуклик белгиси. 25 ёшли Алекс шундай деб бўлишди: «Илгари иккита синглимга сал нарсага ҳам жаҳлим чиқиб кетарди. Ҳозир эса хотиржамроқ бўлиб, уларга нисбатан сабрлиман. Анча улғайдим деб айтсам адашмайман».

    Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Жаҳлини тийган ақл-идроклидир, бесабр эса аҳмоқлигини кўрсатади». (Ҳикматлар 14:29)

  2. Келажак учун яхши пойдевор. Агар туғишган ака-ука ёки опа-синглингиз билан тинч-тотув яшай олмасангиз, турмуш ўртоғингиз, ҳамкасбингиз, бошлиғингиз ёки умуман дуч келадиган инсонлар билан буни қандай қила оласиз?

    Ростини айтганда мулоқот ва муроса қилиш — келажакдаги муносабатларингиз пойдеворидир. Бу кабиларни ўрганишга кўмаклашадиган энг яхши жой — оилангиз.

    Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Қўлингиздан келганича... тинч-тотув ҳаёт кечиринглар». (Римликларга 12:18)

Ака-ука ёки опа-синглингиз билан ўзаро муаммоларни ҳал қила олишни истайсизми? Унда, «Тенгдошларингизнинг фикри» сарлавҳаси остидаги маълумотни ўқинг, кейин эса «Ака-ука ёки опа-синглим билан тинч-тотув яшаш» номли ўқув дафтарига диққат қаратинг.