Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Отам ёки онам касал бўлса-чи?

Отам ёки онам касал бўлса-чи?

Аксарият ёшларга касалларга ғамхўрлик қилишга тўғри келмайди. Эҳтимол, йиллар ўтгач, уларнинг ота-онаси соғлик муаммоларига дуч келар.

Аммо болалигингизда отангиз ёки онангиз касал бўлиб қолган бўлса-чи? Бундай вазиятга дуч келган иккита қизнинг сўзларига эътибор берайлик.

 Эммалайннинг ҳикояси

Онам Элерс-Данлос синдромига чалинган. Бу жуда азобли сурункали касаллик бўлиб, бўғим, тери ва қон томирларига таъсир қилади.

Бу касаллик бедаво ва онамнинг аҳволи охирги ўн йил давомида ёмонлашди. Гоҳида қон таркибининг кўрсаткичлари шунчалик паст бўлганки, ҳатто ҳаёти хавф остида бўларди ва баъзида эса чидаб бўлмайдиган оғриқ дастидан яшашни ҳам хоҳламас эди.

Оила аъзоларим ва мен — барчамиз Яҳованинг Шоҳидларимиз. Жамоатимиз биз учун доимо далда манбаи бўлиб келган. Масалан, тахминан мен тенги имондошим откритка йўллаб, бизни жуда ҳам яхши кўришини ва доим ёрдамга тайёр эканини ёзибди. Шундай дўстларим борлигидан хурсандман!

Муқаддас Китоб менга жуда кўп ёрдам беряпти. Масалан, севимли оятларимнинг бири Забур 34:18, у ерда: «Яҳова қалби ўксиганларга яқиндир»,— дейилган. Яна Ибронийларга 13:6- оятда: «Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман»,— деб ёзилган сўзлар ёқади.

Айниқса, охирги оят менга жуда таъсир қилади. Энг кўпи онам ҳаётдан кўз юмишидан қўрқаман. Мен уни жуда қаттиқ яхши кўраман ва у билан ўтказаётган ҳар бир куним учун миннатдорман. Бу оят, гарчи ҳар қандай вазият юз беришини тушунаётган бўлсам ҳам, келажакка ишонч билан қарашимга ёрдам беряпти.

Аммо яна бир нарсадан қўрқаман. Гап шундаки, бу касаллик ирсий. У онамга бувимдан ўтган, менга эса онамдан. Ҳа, мен ҳам бу касалликка чалинганман. Бироқ Ибронийларга 13:6 даги сўзлар бу соҳада ҳам Яҳова «менинг ёрдамчим» эканига ишонтиряпти.

Мен ўтмиш билан яшамасликка, келажак ҳақида хавотирланмасликка ҳаракат қилиб, ҳозир эга бўлган нарсаларни қадрлашга интиляпман. Онам бошқа қила олмайдиган нарсалари ҳақида ўйлай бошласам, роса тушкунликка тушаман. Муқаддас Китобда айтилгандай, касалликлардан ҳоли абадий ҳаётга бўлган умидимиз билан солиштирсак, ҳозирги қайғуларимиз «енгил ва қисқа муддатлидир». (2 Коринфликларга 4:17; Ваҳий 21:1–4)

Ўйлаб кўринг. Эммалайнга ижобий нуқтаи назарни сақлаб қолишга нима ёрдам беряпти? Дуч келаётган қийинчиликларда ижобий бўлиб қолишга сизга нима ёрдам бериши мумкин?

 Эмилининг ҳикояси

Мактабда ўқиганимда дадамда илк бор депрессия хуружи юз берган. Уни худди ўзгартириб қўйишгандай эди, умуман бошқа инсонга айланиб қолган эди. Ўшандан бери отам қайғуради, асоссиз қўрқувлар ва безовталаниш ҳолатларига дуч келади. Дадам бу касаллик билан 15 йилдан бери курашиб келяпти. Гарчи бирон сабабсиз қайғу-алам қамраб олганини билса ҳам, дадам жуда ҳам сиқилиб азоб тортади.

Биз Яҳованинг Шоҳидларимиз. Имондошларимиз бизни қўллаб-қувватлашади. Улар ниҳоятда меҳрибон ва тушунувчан. Имондошларимизнинг ҳеч бири дадам ўзини кераксиздай ҳис этишига йўл қўймаган. Дадам бу қийинчиликни қай йўсин енгаётганини кўриб, уни аввалгидан ҳам кўпроқ яхши кўраман.

Аввалги дадамни, яъни қайғуга берилмаган, азоб чекмаган ва бахтли бўлган дадамни жуда ҳам соғинаман. Дадам ҳар куни ичидаги душман билан курашиб келаётганини кўриб ўзимни ёмон ҳис қиламан.

Лекин дадам ижобий нуқтаи назарни сақлаб қолишга жон куйдиради. Яқинда яна касаллиги авжига чиққан пайтда ҳар куни Муқаддас Китобдан қисқача парчани, ҳатто атиги бир нечта оятни ўқишни мақсад қилди. Бу унга жуда кўп куч берди. Бу катта ишдай туюлмаётган бўлса ҳам, нажот бахш этди. Ҳали ҳеч қачон дадам билан шу қадар фахрланмаганман.

Менга Нахимиё 8:10 даги: «Яҳова бераётган қувонч қўрғонингиздир»,— деб ёзилган сўзлар ёқади. Бу чиндан ҳам шундай! Жамоатдаги вазифларимни фаол тарзда бажариш баъзан қалбимда пайдо бўладиган бўшлиқни тўлдиришга асқатяпти. Шунда тушкунлик йўқ бўлиб, қалбим шодликка тўлади ва бу туйғу кун бўйи мени тарк этмайди. Дадамнинг мисолида шуни кўряпманки, қандай кураш олиб боришимиздан қатъи назар, Яҳова доим бизни қўллаб-қувватлайди.

Ўйлаб кўринг: Эмили дадасини қай йўсин қўллаб-қувватлаяпти? Депрессияга чалинган инсонларга сиз қандай ёрдам бера оласиз?