Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Кўпроқ дўст орттиришим керакми?

Кўпроқ дўст орттиришим керакми?

«Бир нечта дўстим билан бўлганда, ўзимни сув ичидаги балиқдай ҳис этаман, бошқалар билан бўлганда эса, жуда қийналаман». (Алан)

«Бир нечтагина дўстим бор ва бу менга ёқади. Тезда киришиб кетадиган эмасман, танимаган одамлар билан гаплашиш мен учун осон эмас». (Сара)

Сиз ҳам ўзингизни Алан ва Сара каби ҳис этяпсизми? Атиги бир нечта дўстингиз бўлиб, бошқалар билан дўстлашишга қийналасизми?

Агар шундай бўлса, бу ердаги фикрлар сиз учун!

 Гуруҳларга ажралишнинг муаммолари

Бир нечта дўстингиз билангина вақт ўтказишнинг ёмон жойи йўқ. Яқин дўстларингиз бўлса, ўзингизни керакли деб ҳис этасиз ва улар камчиликларингизга қарамай, сизни борлигингизча қабул қилишади.

«Агар бошқалар сизни ёқтирса, сизни дўстлари қаторида кўрса, ўзингизни яхши ҳис этасиз. Ёшлар учун бу муҳим аҳамиятга эга». (Карен, 19 ёш)

Биласизми? Исонинг кўпгина дўстлари орасида 12 та ҳаворийси бўлган. Лекин Исо уларнинг учтаси, яъни Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно билан яқин дўст бўлган. (Марк 9:2; Луқо 8:51)

Бироқ нуқул бир гуруҳ дўстлар билан мулоқот қилиш ва бошқалардан ўзини олиб қочиш муаммолар келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Масалан:

  • Яхши дўст бўла оладиган инсонлар учун худди эшикни ёпиб қўйгандай бўласиз.

    «Фақат сизнинг қизиқишингизга ўхшаш одамлар билан дўстлашсангиз, кўп яхши нарсалардан қуруқ қоласиз ва ажойиб одамлар билан танишолмайсиз». (Эван, 21 ёш)

  • Гердайган инсон деб туюлишингиз мумкин.

    «Доим бир нечтагина дўстингиз билан вақт ўтказсангиз, ўзгалар сиз ҳақингизда у бошқа ҳеч ким билан гаплашишни истамайди, деган хаёлга борар». (Сара, 17 ёш)

  • Безориларга қўшилиб қолиш ҳеч гап эмас.

    «Балки сиз безорилик қилмассиз, лекин дўстларингиз безорилик қилса, бора-бора бу сиз учун оддий ҳолдек, ҳатто кулгили бўлиб туюла бошлаши мумкин». (Жеймс, 17 ёш)

  • Бу сизга қимматга тушса ҳам ўша гуруҳ аъзоси бўлиш муаммога етаклаши мумкин.

    «Гуруҳдаги ёмон хулқли бир киши ҳаммани тўғри йўлдан уриши ҳеч гап эмас». (Мартина, 17 ёш)

 Нима қилса бўлади?

  • Қадриятларингизни текшириб кўринг.

    Ўзингиздан сўранг: «Қайси меъёрлар бўйича яшашга ҳаракат қиляпман? Дўстларим бу меъёрларга мувофиқ яшашимга ёрдам беряптими ёки аксинчами? Қимматга тушган тақдирда ҳам ўша дўстларим билан қолавераманми?»

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади». (1 Коринфликларга 15:33)

    «Қадриятларингизга бепарво бўлган инсонлар билан дўстлашсангиз, ҳеч қачон қилмайдиган ишга қўл уриб қўйишингиз ҳеч эмас». (Эллен, 14 ёш)

  • Сиз учун нима муҳим аҳамиятга эга экани борасида ўйланг.

    Ўзингиздан сўранг: «Ўша дўстларим билан қалин муносабатларга эга бўлганимдан Худонинг меъёрларига кўз юмаманми? Дўстим нотўғри иш қилса, мен қандай йўл тутаман?»

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Менга азиз бўлган барчага танбеҳ бериб, тарбия қиламан». (Ваҳий 3:19)

    «Гуруҳингиздаги биронтаси нотўғри иш қилиб қўйса, садоқатингиз синалади. Бу ҳақида бошқаларга айтсангиз, ўзингизни унга хиёнат қилгандай ҳис этишингиз мумкин». (Мелани, 22 ёш)

  • Дўст кўпайтиринг.

    Ўзингиздан сўранг: «Мен яхши билмаган инсонлар билан дўстлашишнинг қандай фойдаси бор?»

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:4)

    «Бошқаларга қўшилмайдиган болаларнинг оилавий ҳаёти оғир бўлиши мумкин. Улар билан яқинроқ танишсангиз, одатда улар ҳам яхши инсон эканини пайқайсиз». (Бриан, 19 ёш)

Хулоса. Бир нечта яқин дўстингиз бўлиши ёмон эмас. Шу билан бирга янги дўст орттиришнинг кўп яхши тарафлари бор. Муқаддас Китобда: «Сув берганга сув берилади»,— деб ёзилган. (Ҳикматлар 11:25)