Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китобда табиий офатлар ҳақида нима дейилган?

Муқаддас Китобда табиий офатлар ҳақида нима дейилган?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Бугунги кунда юз бераётган табиий офатларда Худонинг айби йўқ, аммо У бундан азият чекаётган одамлар ҳақида қайғуради. Худонинг Шоҳлиги азоб чекишимизга сабаб бўлаётган барча нарсани, жумладан, табиий офатларни бартараф қилади. Ҳозирда эса, Тангри табиий офатдан зарар кўрганларга тасалли бермоқда. (2 Коринфликларга 1:3)

 Табиий офатлар Худонинг жазоси эмаслигига қандай амин бўла оламиз?

 Муқаддас Китобдан шуни биламизки, Яҳова ҳукмини бажариш учун табиат кучларидан фойдаланган. Лекин бу ҳозирги табиий офатлардан кескин фарқ қилади.

  •   Табиий офатлар ҳеч кимни аямай йўқ қилади ва зарар келтиради. Бундан фарқли равишда, Худо ҳукмини бажариш учун табиий кучлардан фойдаланганда, фақатгина ёвуз инсонларни йўқ қилган. Масалан, У қадимги Садўм ва Ғамўра шаҳарларини йўқ қилганида, художўй киши Лут ва унинг иккита қизи омон қолишига ғамхўрлик қилган. (Ибтидо 19:29, 30) Худо одамларнинг қалбини кўра олган ва фақатгина ёвузларни йўқ қилган. (Ибтидо 18:23–32; 1 Шоҳлар 16:7)

  •   Одатда табиий офатлар юз бериши ҳақида озгина биламиз ёки умуман хабаримиз бўлмайди. Лекин Худо ёвузларга қарши табиий кучлардан фойдаланмоқчи бўлганида, уларни бу ҳақида огоҳлантирган. Огоҳлантиришларга қулоқ солган кишиларда омон қолиш имкони бўлган. (Ибтидо 7:1–5; Матто 24:38, 39)

  •   Табиий офатлар юз беришида қайсидир даражада инсонлар ҳам айбдор. Қанақасига? Масалан, улар табиатга зарар етказмоқда ва зилзила, тошқин ҳамда шиддатли об-ҳавога мойил бўлган ҳудудларда бинолар қурмоқда. (Ваҳий 11:18) Инсонларнинг бундай хатоларида Худо айбдор эмас. (Ҳикматлар 19:3)

 Табиий офатлар охирзамонда яшаётганимизнинг белгисими?

 Ҳа, Муқаддас Китобдаги башоратларга кўра, «замон охирлаб бораётганда» ёки «охирзамонда» табиий офатлар юз бериши керак. (Матто 24:3; 2 Тимўтийга 3:1) Мисол учун, бизнинг замонамиз ҳақида Исо: «Бир жойда, кейин бошқа жойда озиқ-овқат етишмовчилиги ва зилзилалар бўлади»,— деб айтган. (Матто 24:7) Тез орада Худо оғриғу азобларга сабаб бўлаётган барча нарсани, шу қаторда, табиий офатларни бартараф этади. (Ваҳий 21:3, 4)

 Табиий офатдан азият чекаётганларга Худо қандай ёрдам беряпти?

  •   Худо азият чекаётганларга Каломи орқали тасалли беради. Муқаддас Китобда Худо бизга бефарқ эмаслиги ва азоб чекканимизда, бу Унга ҳам оғриқ келтириши ҳақида ёзилган. (Ишаё 63:9; 1 Бутрус 5:6, 7) Унда, шунингдек, келажакда табиий офатлар бошқа ҳеч ҳам бўлмаслиги ваъда қилинган. (« Табиий офатдан азият чекаётганларга далда бахш этувчи оятлар»га қаранг.)

  •   Худо азият чекаётганларга хизматчилари орқали ёрдам беради. Аллоҳ Исога тақлид қилаётган хизматчилари орқали бошқаларга мадад бўла олади. Исо «дили вайронларга» ва «қайғу чекаётганларга» тасалли бериши башорат қилинган эди. (Ишаё 61:1, 2) Худонинг хизматчилари ҳам худди шундай йўл тутишга жон куйдирмоқда. (Юҳанно 13:15)

     Худо, шунингдек, табиий офатлардан азият чекканларнинг жисмоний эҳтиёжларини қондириш учун хизматчилари орқали амалий ёрдам беради. (Ҳаворийлар 11:28–30; Галатияликларга 6:10)

Яҳованинг Шоҳидлари Пуэрто-Рикода бўрондан талафот кўрганларга амалий ёрдам бермоқда

 Муқаддас Китоб табиий офатларга тайёргарлик кўришга кўмаклаша оладими?

 Ҳа. Гарчи Муқаддас Китоб бизни табиий офатларга тайёрлаш мақсадида ёзилмаган бўлса-да, ундаги принциплар бизга қўл келиши мумкин. Қуйидагиларга эътибор беринг:

  •   Юз бериши мумкин бўлган табиий офатга тайёрланинг. Муқаддас Китобда: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади»,— дейилган. (Ҳикматлар 22:3) Фавқулодда вазиятларга олдиндан тайёргарлик кўриб қўйсак, доно йўл тутган бўламиз. Масалан, бунга энг зарур нарсалар солинган сумкани тайёрлаш ва бирон талафот юз берганда оила аъзоларингиз билан қаерда учрашишга келишиб олиш кириши мумкин.

  •   Ҳаётингизни мол-мулкдан устун қўйинг. Худонинг Каломида: «Биз дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз»,— деган сўзларни ўқиймиз. (1 Тимўтийга 6:7, 8) Табиий офатда омон қолиш учун уйимизни ва мол-мулкимизни ташлаб кетишга тайёр бўлишимиз керак. Ҳаётимиз ҳар қандай мол-мулкдан устун эканини ёдда сақлашимиз лозим. (Матто 6:25)