Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- ҚИСМ

Йўлбошчимиз Масиҳдан ибрат олайлик

Йўлбошчимиз Масиҳдан ибрат олайлик

АЛЛОҲ Масиҳни барча халқлар учун Йўлбошчи қилиб тайинлашини каромат қилган. Қандай Йўлбошчига муҳтож эканимизни билган ҳолда, Аллоҳ биз учун энг зўр Йўлбошчини сайлади. Масиҳ қанақа Йўлбошчи бўлган экан? У кучли саркарда ёки моҳир сиёсатчи ёхуд донишманд файласуф бўлганми? Муқаддас Китобга биноан, Масиҳ бошқа пайғамбарлардан фарқ қиларди. Бу пайғамбар Исо эди (Матто 23:10).

Аллоҳ Исонинг мукаммал ва муқаддас бўлиб туғилишига ғамхўрлик қилди. Кейинчалик Шайтон унинг бенуқсонлигига путур етказишга роса уринди. Лекин Исо сўзда ҳам, амалда ҳам Аллоҳга тақлид қилгани учун, жон-жаҳди билан Шайтонга қаршилик кўрсатарди. Исо Аллоҳнинг сифатларини, яъни қудрат, адолат, ҳикмат ва муҳаббатни мукаммал тарзда намоён этарди. Келинг, Исодан қандай ибрат олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

Исо одамларга жон деб ёрдам берган

У Аллоҳдан олган қудрат билан бошқаларга ёрдам берарди. Исо алайҳиссалом одамларни чин дилдан яхши кўрган ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун жон деб куч сарфлаган. «Халққа раҳмим келяпти... егани ҳеч нарсалари йўқ»,— деган эди у (Марк 8:2). Шундан кейин Исо, уни тинглашга келган халойиқни мўъжизавий тарзда тўйдирган.

Исо пайғамбар шунингдек, ҳамма ёқда таълим бериб, «одамларнинг ҳар турли хасталик ва дармонсизликларини даволарди» (Матто 4:23). Ана шу сабабдан, орқасидан эргашиб юрган «халойиқ Исога қўл теккизишга интиларди, чунки ундан чиққан кучдан ҳаммаси соғайиб кетарди» (Луқо 6:19). Чиндан ҳам, Исо «ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган» (Матто 20:28) *. Ҳозирги ҳукмдорлардан қанчаси шундай фидойилик руҳини намоён эта олади?

Болажонларни яхши кўрган

У Аллоҳнинг адолатини акс эттирган. Исо пайғамбар Аллоҳнинг қонунини яхши тушуниб, ундаги талабларга мувофиқ йўл тутган. У сано бастакорининг мана шу кароматли сўзларига қўшилган: «Хоҳишингни бажармоқ истайман, эй Худойим, Сенинг Қонунинг юрагимда менинг» (Забур 39:9). Исо алайҳиссалом ҳамманинг — бою камбағалнинг, эркагу аёлнинг, ёшу қарининг — ҳурматини жойига қўйиб, Аллоҳ сингари юзхотирчилик қилмаган. Бир куни унинг шогирдлари, ёнига болаларини олиб келган ота-оналарни койиб беришган эди. Исо бўлса: «Болажонларга тўсқинлик қилманглар, олдимга келаверишсин. Ахир Худонинг Шоҳлиги шундайларга тегишлидир»,— деган (Марк 10:14).

У илоҳий доноликка эга бўлган. Исо одамларни яхши тушунарди. «Боиси у ҳар бир кишининг қалбини кўра оларди» (Юҳанно 2:25). Душманлари уни хибсга олиш учун одам юборишганда, ҳатто улар ҳам: «Ҳеч ким, ҳеч қачон у каби гапирмаган»,— деб тан олишган. Қизиқ, Исо бундай доноликка қандай эга бўлган? Унинг ўзи шундай деган: «Менинг таълимотим меники эмас, мени Юборганникидир» (Юҳанно 7:16, 46).

Касалларга ич-ичидан куйиниб, шифо берган

У Аллоҳнинг меҳрини намоён этган. Исо ниҳоятда раҳм-шафқатли одам эди. Бир куни унинг олдига «бутун танаси мохов бўлган киши келиб қолди». У Исога: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— деди. Шунда Исонинг раҳми келди ва «қўлини унга теккизиб: “Албатта истайман. Пок бўлинг”,— деди. Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлди» (Луқо 5:12, 13; Марк 1:41, 42). Ҳа, Исо ўша бечоранинг дардини олай, деб жон куйдирган.

Исо сизга ҳам ғамхўрлик қилармикан? Бу саволга унинг ўзи жавоб беряпти: «Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман. Менинг бўйинтуруғимни олиб, мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади» (Матто 11:28, 29).

Ҳазрати Исо энг зўр Йўлбошчидир. Айнан шу сабабли у: «Мендан ўрганинглар»,— деб бизни чорлаяпти. Сиз унинг самимий таклифини қабул қиласизми? Шундай йўл тутсангиз бахт-саодатга эришасиз.

^ Тўлов ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 27- дарсига қаранг.