Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7- ҚИСМ

Аллоҳ, пайғамбарлар орқали нима ваъда берган?

Аллоҳ, пайғамбарлар орқали нима ваъда берган?

ҚАДИМДА пайғамбарлар Аллоҳга эътиқод қилишган, яъни Унинг ваъдаларига ишониб, шунга биноан ҳаёт кечиришган. Бу қандай ваъдалар экан?

Одамато билан Момоҳаво исён кўтарганидан кейин кўп ўтмай Аллоҳ, «буюк аждаҳо, Иблис ва Шайтон деб аталган алмисоқ илон»нинг бошини эзиб ташлайдиган зот пайдо бўлишини ваъда қилган (Ибтидо 3:14, 15; Ваҳий 12:9, 12). Ўша зот ким бўлиб чиқди?

Бу илк башоратдан тахминан 2 000 йил ўтиб, Аллоҳ Яҳова Иброҳимга ўша зот ундан келиб чиқади, деб ваъда берди. Эгамиз унга: «Менга итоат қилганинг учун, ер юзидаги ҳамма халқларга сенинг наслинг орқали барака бераман»,— деб айтди (Ибтидо 22:18).

Милоддан аввалги 1473- йилда Аллоҳ Мусо пайғамбарга зот тўғрисида кўпроқ маълумот берди. Исроил авлодига Мусо пайғамбар шундай деган: «Тангри Яҳова сизларга биродарларингиз орасидан менга ўхшаган пайғамбарни юборади. Унинг барча айтганларига қулоқ солинглар» (Ҳаворийлар 3:22). Демак, Мусога ўхшаган пайғамбар Иброҳим ўғилларидан келиб чиқиши керак эди.

Ўша пайғамбар шунингдек, ҳазрати Довуднинг авлодидан келиб чиқиб, ўзи ҳам буюк шоҳ бўлиши керак эди. Аллоҳ ҳазрати Довудга шундай ваъда қилган: «Мен сендан бино бўлган наслингдан бирини шоҳ қилиб, унинг шоҳлигини мустаҳкамлайман» (2 Шоҳлар 7:12, 13). Бундан ташқари, Тангри Таоло Довуднинг авлоди «Тинчлик шаҳзодаси» деб аталашини очиб бериб, шундай деди: «Довуднинг тахтида Унинг ҳукмронлиги ортиб бораверади. Тинчлик тоабад ҳукм суради. Ҳозирдан бошлаб, тоабад адолат ва солиҳлик ила Шоҳлигини мустаҳкамлаб, барқарор қилади» (Ишаё 9:6, 7). Ҳа, айнан бу одил Йўлбошчи ер юзида тинчлик ва адолат ўрнатади. Лекин у қачон келиши керак эди?

Ваъда қилинган зот . . . Иброҳимдан келиб чиқади, Мусога ўхшаган пайғамбар бўлади, Довуднинг наслига мансуб бўлади, милодий 29 йилда пайдо бўлади, илоннинг, яъни Шайтоннинг бошини эзиб ташлайди

Фаришта Жаброил кейинчалик Дониёр пайғамбарга қуйидагиларни айтди: «Шуни билиб қўйгинки, Қуддусни тиклаш ва қайта қуриш учун амр берилганидан то Йўлбошчи Масиҳ келгунига қадар, етти ҳафта ва яна олтмиш икки ҳафта ўтади» (Дониёр 9:25, ЯДТ). Ушбу 69 ҳафта (ҳар бир ҳафта 7 йилга тенг) жами бўлиб 483 йилни ташкил этади. Улар милоддан аввалги 455- йилдан то милодий 29- йилгача давом этган *.

Узоқ кутилган зот ва Мусога ўхшаган пайғамбар Масиҳ чиндан ҳам милодий 29- йилда келганми? Келинг, билиб олайлик.

^ Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 255- бетидаги 2- иловага қаранг.