Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24- ҚИСМ

Павлус жамоатларга мактуб ёзади

Павлус жамоатларга мактуб ёзади

Павлус Масиҳнинг илк издошларини қўллаб-қувватлаш учун мактублар ёзади

ЯНГИ ташкил этилган масиҳийлар жамоати, Тангри Яҳованинг нияти амалга ошишида муҳим вазифани бажариши керак эди. Аммо илк масиҳийлар тез орада ҳужумларга дучор бўлишди. Жамоат ичидаги хавф-хатарлар ва ташқарисидаги таъқиблар дастидан, улар Аллоҳга садоқатини сақлай олишганми? Инжилда 21 та мактуб бор бўлиб, уларда керакли маслаҳат ва далда мавжуд.

Римликларга мактубидан бошлаб то Ибронийларга йўлланган жами ўн тўртта мактуб ҳаворий Павлуснинг қаламига мансуб. Улар кимга йўлланган бўлса ўша кишиларнинг исми ёки муайян жамоатларнинг номи билан аталган. Келинг, мактубларда нима ҳақида ёзилганини кўриб чиқайлик.

Ахлоқ ва хулқ-атвор. Зино, бевафолик ва шунга ўхшаш оғир гуноҳларни қилаётган кишилар «Худонинг Шоҳлигида мерос олишмайди» (Галатияликларга 5:19–21; 1 Коринфликларга 6:9–11). Худога топинувчилар миллатига қарамай аҳил бўлиши керак (Римликларга 2:11; Эфесликларга 4:1–6). Шунингдек, имондоши муҳтож бўлса, бажонидил унга ёрдам қўлини чўзишлари даркор (2 Коринфликларга 9:7). Бундан ташқари Павлус ўз мактубларида: «Тинмай ибодат қилинглар»,— дея маслаҳат беради. Бу билан у имондошларини қалбда борини Яҳовага тўкиб солишга ундайди (1 Салоникаликларга 5:17; 2 Салоникаликларга 3:1; Филиппиликларга 4:6, 7). Ибодатлар ижобат бўлиши учун эса, ишонч билан Худога мурожаат қилиш лозим (Ибронийларга 11:6).

Оилани мустаҳкам қилишга нима ёрдам беради? Эрлар хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Хотинлар эса ўз эрларини қаттиқ ҳурмат қилишлари даркор. Фарзандлардан бўлса ота-онасига қулоқ солиш кутилади, чунки бу Аллоҳга маъқул келади. Ота-оналар ҳам Худо Каломидаги меъёрлар ёрдамида, севги билан фарзандларига йўл кўрсатиб, уларни тарбиялаши лозим (Эфесликларга 5:22–6:4; Колосаликларга 3:18–21).

Аллоҳнинг нияти ойдинлашади. Таврот китоби исроилликлар учун Масиҳ келгунига қадар ҳимоя ва йўл-йўриқ сифатида хизмат қилиб келган (Галатияликларга 3:24). Бироқ масиҳийлардан, Аллоҳга топиниш учун Тавротга риоя қилиш талаб қилинмасди. Павлус яҳудий масиҳийларга ёзган Ибронийларга номли мактубида, Таврот қайси мақсадда берилганини ва Худонинг нияти Масиҳ орқали қандай амалга ошганини ёритиб берган. Павлус ўз мактубида, Тавротдаги турли тадбирлар ва маросимлар башоратли мазмунга эга эканини тушунтириб беради. Масалан, ҳайвонларни қурбон қилиш Масиҳнинг фидокорона ўлимига ишора қиларди. Айнан унинг ўлими туфайли гуноҳлар бутунлай кечирилар эди (Ибронийларга 10:1–4). Шунингдек, Исонинг ўлими орқали Худо Тавротни бекор қилади, боиси у ўз вазифасини ўтаб бўлганди (Колосаликларга 2:13–17; Ибронийларга 8:13).

Жамоат фаолияти. Жамоатда муайян вазифаларни бажаришни истаган кишилардан, юқори ахлоқий меъёрларга риоя қилиш ва Муқаддас Китобда баён этилган қобилиятларга эга бўлиш кутилган (1 Тимўтийга 3:1–10, 12, 13; Титусга 1:5–9). Тангрига топинадиган кишилар мунтазам равишда имондошлари билан йиғилиб туришлари ҳамда бир-бирларига далда беришлари керак эди (Ибронийларга 10:24, 25). Йиғилишлар эса далда ва таълим берадиган тарзда ташкил этилиши даркор бўлган (1 Коринфликларга 14:26, 31).

Павлус Тимўтийга йўллаган иккинчи мактубини Римда ёзади. Ўша пайтда у қамоқда бўлиб, ҳукм қилинишни кутаётган эди. Фақат айрим дўстларигина ўзларида жасорат топиб, ундан хабар олгани келишади. Павлус умри охирлаб қолганини тушунгани учун шундай дейди: «Мен жон-жаҳдим билан курашдим, масофани югуриб ўтдим, имонни сақладим» (2 Тимўтийга 4:7). Эҳтимол бу сўзларни айтганидан кўп вақт ўтмай, у имони учун ўлдирилган. Аммо у ёзган мактублар Худога топинаётганлар учун ҳанузгача йўл-йўриқ сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Римликларга, 1 ва 2 Коринфликларга, Галатияликларга, Эфесликларга, Филиппиликларга, Колосаликларга, 1 ва 2 Салоникаликларга, 1 ва 2 Тимўтийга, Титусга, Филимўнга ва Ибронийларга китобларига асосланган.