Асосий материалларга ўтиш

Яҳова Шоҳидларининг тўйлари қандай ўтади?

Яҳова Шоҳидларининг тўйлари қандай ўтади?

 Яҳова Шоҳидларининг тўйлари одатда оддий ва мувофиқ тарзда ўтказиладиган маросим бўлиб, Муқаддас Китоб асосида қисқа нутқ айтилади. Сўнг келин-куёв базм уюштириши ҳам мумкин a. Масалан, Исо Масиҳ хизматининг бошида Канах шаҳрида шу каби никоҳ тўйига борган эди. (Юҳанно 2:1–11)

 Никоҳ маросими қандай ўтади?

 Никоҳ маросимида айтиладиган нутқ жуда муҳим бўлиб, Яҳованинг Шоҳиди томонидан тахминан 30 дақиқа давомида сўзланади. У самимий ва далдали руҳда бўлиб, қандай қилиб Муқаддас Китоб жуфтликка абадий, севгига тўла ва бахтли никоҳда яшашга ёрдам бериши мумкинлигини кўрсатади. (Эфесликларга 5:33)

 Кўп мамлакатларда ҳукумат томонидан Яҳованинг Шоҳидларига никоҳни қонунийлаштириш ҳуқуқи берилади. Бундай вазиятда, нутқ охирида жуфтлик ўзаро қасам ичади. Улар шунингдек, бир-бирига узук совға қилишади. Сўнг бундай ҳуқуқ берилган Яҳованинг Шоҳиди уларни эр ва хотин деб эълон қилади.

 Бошқа мамлакатларда никоҳ ҳукумат томонидан қонунийлаштирилади. Жуфтлик буни никоҳ нутқидан сал олдин қилади. Агар келин-куёв никоҳини қонунийлаштиришдан олдин ўзаро қасам ичмаган бўлса, нутқ охирида қасам ичишлари мумкин. Борди-ю, қасам ичишган бўлишса, буни олдинроқ қилишганини кўрсатиш мақсадида, уни яна бир бор ўтган замонда такрорлашади. Нутқ якунида, жуфтлик учун баракалар тилаб Худога ибодат қилинади.

 У қаерда ўтказилади?

 Кўп Яҳованинг Шоҳидлари никоҳ маросимини агар мумкин бўлса, Йиғилиш залида ўтказади b. Агар жуфтлик ундан сўнг базм режалаштирган бўлса, уни бошқа жойда ўтказади.

 Кимлар келиши мумкин?

 Никоҳ маросими Йиғилиш залида ўтказилса, одатда ҳамма, яъни имондошларимиз ва Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар келиши мумкин. Базмга эса, фақат таклиф этилган кишилар келади.

 Меҳмонлар қандай кийиниб келиши керак?

 Йиғилиш залида ўтадиган никоҳ маросимига қандай кийиниб келиш талаби йўқ. Шундай бўлса ҳам, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобда содда ва маросимга мувофиқ тарзда кийиниш борасидаги йўл-йўриққа амал қилишади. Бошқалар ҳам худди шундай йўл тутса, жуда миннатдор бўламиз. (1 Тимўтийга 2:9) Албатта, бу, базмга таклиф қилганларга ҳам тегишли.

 Келин-куёвга совғалар тақдим этиладими?

 Муқаддас Китобда сахий бўлишга ундаламиз. (Забур 37:21) Яҳованинг Шоҳидлари тўйда совғалар улашишни жуда ёқтиради. (Луқо 6:38) Аммо улар меҳмонлардан совға ёки пул беришни талаб қилишмайди, совға берганларнинг исмларини ҳаммага эълон қилишмайди. (Матто 6:3, 4; 2 Коринфликларга 9:7; 1 Бутрус 3:8) Бундай одатлар нафақат Муқаддас Китобдаги сўзларга зид, балки бошқаларни ноқулай аҳволга ҳам солиши ҳеч гап эмас.

 Қадаҳ кўтариб табрик сўзлари айтиладими?

 Йўқ. Яҳованинг Шоҳидлари бундай қилмайди, чунки бу одат сохта дин урф-одатларига бориб тақалади c. Яҳованинг Шоҳидлари келин-куёвга аталган яхши тилакларини бошқача йўллар билан билдиришади.

 Келин-куёв устига гуруч ёки ширинликлар сочиладими?

 Йўқ. Баъзи жойларда одамлар келин-куёв устига гуруч, ширинликлар ёки бошқа нарсаларни сочиш одати бор. Уларнинг ўйлашича, бу жуфтликка омад, бахт ва узоқ умр келтиради. Лекин Яҳованинг Шоҳидлари бундай хурофот билан боғлиқ урф-одатларни қилмайди. Яҳованинг Шоҳидлари бошқаларга омад тиламайди, чунки бу Муқаддас Китобдаги принципларга зид. (Ишаё 65:11)

 Таом ва ичимликлар бўладими?

 Йиғилиш залида ўтадиган никоҳ маросимида таом ва ичимликлар бўлмайди. Айрим жуфтликлар бундан сўнг базм уюштириб, у ерда таом ва ичимликлар бўлишини ўзлари ҳал қилади. (Воиз 9:7) Агар келин-куёв бундай қарорга келишса, меҳмонлари ортиқча ичиб қўймаслиги ва фақат қонунга мувофиқ ёшдаги меҳмонлар спиртли ичимликларни ичишлари учун ғамхўрлик қилишлари керак. (Луқо 21:34; Римликларга 13:1, 13)

 Мусиқа ва рақслар бўладими?

 Базм уюштиришни танлаган жуфтлик мусиқа ва рақслар учун ҳам жавобгар. (Воиз 3:4) Улар ўзига ёқадиган ва маданиятига яқин мусиқани танлашар, аммо у дидли ва меҳмонларига яхши таъсир қиладиган бўлиши лозим. Йиғилиш залида ўтадиган никоҳ маросимида одатда Худонинг Каломи асосидаги мусиқа қўйилади.

 Яҳованинг Шоҳидлари тўйининг қутлов йилини нишонлайдими?

 Муқаддас Китобдаги принципларга кўра, бундай қилиш ман этилади ёки ман этилмайди деб айта олмаймиз, шунинг учун Яҳованинг Шоҳидлари уни нишонлаш-нишонламасликни ўзлари ҳал қилади. Борди-ю, уни қутламоқчи бўлишса, буни ўз турмуш ўртоғи билан ёки дўстлару оила аъзолари билан нишонлаши мумкин.

a Ҳудудга қараб одатлар, расм-русумлар ва қонун талаблари турлича бўлиши мумкин.

b Нутқ сўзлайдиган биродарга пул тўланмайди ва бу маросим Йиғилиш залида бепул тарзда ўтказилади.

c Қадаҳ кўтариб табрик сўзлари айтиш қаердан пайдо бўлгани ҳақида «Қўриқчи минораси»нинг 2007 йил 15 февраль (рус) сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.