Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ МАВЗУЛАРИ АСОСИДА СУҲБАТ

Худонинг Шоҳлиги қачон бошқаришни бошлади? (2- қисм)

Худонинг Шоҳлиги қачон бошқаришни бошлади? (2- қисм)

Қуйида Яҳова Шоҳидининг бир инсон билан Муқаддас Китоб асосида қурган суҳбати келтирилган. Камрон исмли бир Яҳованинг Шоҳиди Жамшид исмли кишиникига такроран борганини тасаввур қилайлик.

НАВУХОДОНОСОРНИНГ ТУШИ (ҚИСҚАЧА МУҲОКАМА)

Камрон. Жамшид, сизни яна кўрганимдан хурсандман. Сиз билан ҳар ҳафта Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш менга ёқади *. Ишларингиз қандай?

Жамшид. Раҳмат, Худога шукр яхшиман.

Камрон. Яхши эканингиздан хурсандман. Ўтган сафар нега Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг Шоҳлиги 1914 йили бошқаришни бошлаганига ишониши тўғрисида гаплашган эдик *. Шунингдек, Дониёр китоби 4- бобдаги башоратни муҳокама қилгандик. У ерда нима дейилгани эсингиздами?

Жамшид. Ҳа, у ерда Навуходоносор тушида кўрган улкан дарахт ҳақида айтилганди.

Камрон. Ҳа, тўппа-тўғри. Навуходоносор тушида учи осмонгача етган улкан бир дарахтни кўради. Шунингдек, у Худо хабарчисининг «Дарахтни чопиб ташланглар, аммо тўнкаси билан илдизига тегманглар» деган буйруғини эшитади. «Етти давр» ўтгач эса бу дарахт яна ўсиши керак эди *. Қолаверса, мазкур башорат икки марта амалга ошиши кераклигини кўриб чиққан эдик. Биринчи марта бу башорат кимда амалга ошгани эсингиздами?

Жамшид. Бу, Навуходоносорнинг ўзига тегишли эди шундайми? У етти йилга ақлдан озган эди.

Камрон. Тўппа-тўғри. Навуходоносор вақтинчалик ақлдан озганди ва шу сабабли унинг бошқаруви тўхтатилганди. Худонинг бошқаруви етти давр мобайнида тўхтатилганида эса бу башорат кенгроқ миқёсда амалга ошиши керак эди. Ўтган сафар билиб олганимиздек, етти давр мил. авв. 607 йили Қуддус вайрон қилинганида бошланганди. Ўша пайтдан бери Худонинг номидан Унинг халқини ҳеч бир шоҳ бошқармаган. Лекин етти давр тугагач, Худо Ўз халқи устидан янги шоҳни бу сафар самодан туриб бошқарадиган шоҳни тайинлайди. Бошқа сўзлар билан айтганда, етти давр тугаганидан кейин Худонинг самовий Шоҳлиги бошқаришни бошлайди. Демак, етти давр қачон бошланганини билиб олдик. Бу давр қанча давом этганини аниқлай олсак, Худонинг Шоҳлиги қачон бошқаришни бошлаганини ҳам била оламиз. Ҳозир айтганларим тушунарли бўлди-а?

Жамшид. Ҳа, такрорлаганимиз ўтган мавзуни эслашга ёрдам берди.

Камрон. Ажойиб. Энди эса келинг, етти давр қанча давом этганини билиб оламиз. Асосий фикрларни ўзимга эслатиш учун бу мавзу борасида изланиш ўтказгандим. Энди қўлимдан келганча, тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Жамшид. Майли.

ЕТТИ ДАВРНИНГ ТУГАШИ, ОХИРЗАМОННИНГ БОШЛАНИШИ

Камрон. Мазкур башорат биринчи марта Навуходоносорда амалга ошган. Ўшанда етти давр том маънода етти йилни билдирган. Аммо мазкур башорат Худонинг Шоҳлигига нисбатан, иккинчи марта амалга ошганида етти давр том маънодаги етти йилдан кўпроқ вақтни ўз ичига олиши керак эди.

Жамшид. Буни қаердан биласиз?

Камрон. Биринчидан, етти давр мил. авв. 607 йили Қуддус вайрон бўлганида бошланган. Ўша йилдан бошлаб ҳисобласак, том маънодаги етти йил мил. авв. 600 йили тугаган. Лекин ўша йили Худонинг бошқаруви билан боғлиқ қандайдир ўзгача воқеа юз бермаган. Қолаверса, асрлар ўтгач, Исо ер юзида бўлганида, етти давр ҳали тугамаганига ишора қилган.

Жамшид. Ҳа, тўғри эсладим.

Камрон. Демак, етти давр том маънодаги етти йилни эмас, балки узоқроқ муддатни билдиради.

Жамшид. Хўш, қанча муддат?

Камрон. Ваҳий китоби Дониёр китобини тушунишга ёрдам беради. Етти давр қанча давом этиши Ваҳий китобида аниқ тушунтирилган. У ерда уч ярим муддат 1 260 кунга тенг экани ҳақида айтилган *. Шундай қилиб уч ярим муддатни иккига кўпайтирсак, етти давр бўлади. Бу 2 520 кун дегани. Айтганларим тушунарли бўлдими?

Жамшид. Ҳа тушундим. Лекин бу Худонинг Шоҳлиги 1914 йилда бошқаришни бошлагани билан қандай боғлиқ?

Камрон. Келинг, бу қандай боғлиқ эканини бирга кўриб чиқамиз. Баъзида Муқаддас Китоб башоратида бир кун бир йилга тенг *. Агар бир кун бир йилга тенг деб ҳисобласак, етти давр 2 520 йилни англатади. Милоддан аввалги 607 йилдан 2 520 йилни айирсак, 1914 йилга келамиз *. Мана шу сабабли етти давр 1914 йили тугаган деб ҳисобланади. Ўша йили Исо Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида бошқаришни бошлади. Қолаверса, 1914 йилдан бери дунёда кескин ўзгаришлар юз беряпти. Муқаддас Китобга кўра, бу охирзамон бошланганига ишора қилади.

Жамшид. Хўш, қандай кескин ўзгаришлар юз бераркан?

Камрон. Исо Масиҳ Матто 24:7 да нима деганига эътибор беринг. У самодан туриб бошқаришни бошлаган вақтда нималар юз бериши ҳақида шундай деган: «Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Бир жойда, кейин бошқа жойда озиқ-овқат етишмовчилиги ва зилзилалар бўлади». Эътибор берган бўлсангиз, Исо «озиқ-овқат етишмовчилиги ва зилзилалар бўлади» деб башорат қилган. Ўтган асрдан бери дунёда мана шундай мусибатлар юз бериб келмоқда шундай эмасми?

Жамшид. Тўғри.

Камрон. Мазкур оятда Исо Худонинг Шоҳлигида Шоҳ сифатида бошқарганда урушлар бўлишини башорат қилган эди. Шунингдек, Ваҳий китобида охирзамонда урушлар муайян бир ҳудудда эмас, балки бутун дунё бўйлаб содир бўлиши ҳақида башорат қилинган эди. Биринчи жаҳон уруши қачон бошлангани эсингиздами?

Жамшид. 1914 йили. Ахир айнан ўша йили Исо шоҳ сифатида бошқаришни бошлаган эди-ку! Бу ҳодисалар ўзаро боғлиқ эканини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман.

Камрон. Етти давр ва охирзамонга тегишли Муқаддас Китобдаги барча башоратларни ўзаро боғласак, битта расм чизилади. Яҳованинг Шоҳидлари Исо 1914 йили Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида бошқаришни бошлаганига ва ўша йилдаёқ охирзамон бошланганига амин.

Жамшид. Бу барча маълумотларни ҳазм қилиш учун менга вақт керак.

Камрон. Сизни яхши тушунаман. Айтганимдек, менга ҳам бу мавзуни тушуниш учун вақт керак бўлган. Лекин бугунги суҳбатимиздан Муқаддас Китобда 1914 йил ҳақида ҳеч нима айтилмаган бўлса ҳам, Яҳованинг Шоҳидлари бу йил борасидаги фикрини айнан Каломга асослашини билиб олдингиз деган умиддаман.

Жамшид. Тўғри, сизлар доим нимадир айтганингизда, уни Муқаддас Китобга асослашингиз мени қойил қолдиради. Сизлар шунчаки ўз фикрингизни айтмайсиз. Лекин мени бир нарса қизиқтиряпти. Нега буларнинг барини тушуниш жуда қийин? Нега Худо шунчаки Исо 1914 йилда бошқаришни бошлашини Муқаддас Китобда ёзиб қолдирмаган?

Камрон. Жамшид, ажойиб савол. Аслини олганда, Муқаддас Китобда кўп нарса ҳақида аниқ айтилмаган. Нега энди Муқаддас Китобни тушуниш учун инсонлар муайян ҳаракатлар қилиши лозим? Келинг, бу ҳақда кейинги сафар гаплашамиз.

Жамшид. Майли.

Муқаддас Китобга тегишли қайсидир мавзу сизни қизиқтирадими? Яҳова Шоҳидларининг эътиқоди ёки фаолияти билан қизиқяпсизми? Агар шундай бўлса, Яҳова Шоҳидларидан бирига мурожаат қилишга иккиланманг. Улар бажонидил сизга қизиқарли бўлган мавзулар асосида суҳбат қуришади.

^ абз. 5 Яҳованинг Шоҳидлари одамларнинг уйига келиб, улар билан бепул Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишади ва Муқаддас Китоб асосида турли мавзуларда суҳбатлар қуришади.

^ абз. 22 Ваҳий 12:6, 14 га қаранг; изоҳ