Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

40- БОБ

Худони қандай хурсанд қила оламиз?

Худони қандай хурсанд қила оламиз?

ХУДОНИ қандай хурсанд қилишимиз мумкин? Биз Унга нимадир бера оламизми? ~ Яҳова шундай деб айтмоқда: «Меникидир ўрмондаги жамики ҳайвон». Шунингдек, У: «Кумуш Меники олтин ҳам Меникидир»,— деб айтмоқда (Забур 23:1; 49:10; Хаггей 2:8). Бироқ биз Яҳовага бир нарса бера оламиз. Бу нима экан, биласизми? ~

Яҳова, Унга хизмат қилиш-қилмасликни ўзимиз танлашимизга йўл қўйяпти. У бизни Ўз иродасини бажаришга мажбурламаяпти. Келинг, бунинг сабабини билиб олайлик.

Сиз робот нималигини билсангиз керак. Робот, уни ясаган одамнинг хоҳишини бажарадиган бир машинадир. Роботнинг ўзи нима қилиш-қилмасликни ҳал қила олмайди. Яҳова бизларни робот каби яратиши мумкин эди. Шунда биз ҳамма нарсани фақат У хоҳлаганидек қилган бўлардик. Бироқ, Худо бундай қилмади. Биласизми, нимага? ~ Шундай ўйинчоқ-роботлар борки, тугмачасини боссангиз, у ҳаракатга келиб турли буйруқларни бажаради. Сиз қачондир шундай ўйинчоқларни кўрганмисиз? ~ Одатда бундай ўйинчоқлар тез жонга тегади. Улар нуқул ўша-ўша ҳаракатни такрорлайверади. Худо эса биз Унга робот каби хизмат қилишимизни хоҳламайди. Яҳова, биз Уни севганимиз ва Унга қулоқ солишни истаганимиз учун хизмат қилишимизни хоҳлайди.

Нима учун Яҳова бизларни бу робот каби яратмади?

Нима деб ўйлайсиз, самовий Отамизга ўз хоҳишимиз билан бўйсунсак, У нимани ҳис қилади? ~ Айтинг-чи, сизнинг хулқ-атворингиз ота-онангизга қандай таъсир қилади? ~ Муқаддас Китобда: «Доно фарзанд отага шодлик келтиради, нодон фарзанд эса онага қайғу»,— деб ёзилган (Ҳикматлар 10:1). Ота-онангизнинг айтганини қилганингизда, улар жуда хурсанд бўлишганига эътибор берганмисиз? ~ Аммо сиз уларга қулоқ солмасангиз, улар нимани ҳис қилишади? ~

Қандай қилиб Яҳовани ҳамда ота-онангизни хурсанд қила оласиз?

Энди келинг, самовий Отамиз Яҳова ҳақида ўйлаб кўрамиз. У бизга Уни қандай хурсанд қилишимиз мумкинлигини айтяпти. Марҳамат, Муқаддас Китобингизни олиб, Ҳикматлар 27- боб, 11- оятни очинг. Бу оятда Худо бизга шундай деяпти: «Эй, ўғлим [ёки қизим], доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан». Кимнидир танқид қилиш нимани англатади, биласизми? ~ Бу, одам айтганларининг уддасидан чиқа олмайди, деб мазах қилишни англатади. Шайтон Яҳовани нима деб танқид қилган? ~ Келинг, кўриб чиқамиз.

Ёдингизда бўлса, ушбу китобнинг 8- бобида, Шайтон биринчи бўлишни истагани ва ҳамма унга топинишини хоҳлаб қолгани ҳақида билиб олгандик. Унинг айтишича, Яҳова одамларга абадий ҳаёт бераман, дегани учунгина улар Унга топиняптилар. Кейин Шайтон Одамато билан Момоҳавони Худога итоатсизлик қилишга ундаб, Яҳовага туҳмат қилди. У Худога мана бундай деди: «Одамлар Сенга ўз фойдасини кўзлаб хизмат қиляптилар. Менга имконият берсанг, шундай қиламанки, ҳамма Сендан юз ўгиради».

Одамато ва Момоҳаво гуноҳ қилишганида, Шайтон Яҳовага қандай туҳмат қилди?

Муқаддас Китобда айнан шундай ёзилмаган. Лекин Аюб ҳақида ўқиганимизда, Шайтоннинг Худога айтган гапларидан шунақа маъно келиб чиқаётганини кўрамиз. Аюбнинг Яҳовага содиқ қолиш-қолмаслигини билиш Яҳова учун ҳам, Шайтон учун ҳам муҳим. Келинг, Муқаддас Китобдан Аюб 1-, 2- бобларини ўқиб, нима бўлганини билиб олайлик.

Аюб китобининг 1- бобида Яҳованинг олдига фаришталар йиғилганда, Шайтон ҳам ўша ерда бўлгани ҳақида ёзилган. Яҳова Шайтондан: «Қаердан келяпсан?» — деб сўради. Шайтон: «Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим»,— деб айтди. Шунда Яҳова унга: «Аюбга эътибор бердингми? У Менга хизмат қилиб, ҳеч қандай ёмон ишга қўл урмайди»,— деди (Аюб 1:6–8).

Шайтон дарров баҳона топиб: «Аюб умуман қийинчилик кўрмагани учун Сенга топинади. Сен уни ҳимояламай, баракаламай қўйсанг, у Сени лаънатлайди»,— деди. Яҳова эса: «Бўпти, Аюбнинг нимаси бўлса, сенинг қўлингда, фақат ўзига тегма!» — деди (Аюб 1:9–12).

Шайтон нима қилди, биласизми? ~ У шундай қилдики, ўғрилар Аюбнинг қорамол ва эшакларини ўғирлаб, хизматкорларини ўлдириб кетишди. Кейин унинг ҳамма қўю чўпонларини яшин урди. Аюбнинг туяларини ўғирлаб, туябоқарларни эса ўлдириб кетишди. Шайтон кучли бўрон кўтарди, натижада Аюбнинг ўнта фарзанди йиғилган уй қулаб тушиб, ҳамма болалари ўлди. Лекин бу кўргиликларга қарамай, Аюб Яҳовага содиқ қолди (Аюб 1:13–22).

Шайтон Яҳованинг олдига яна келганида, Яҳова унинг эътиборини Аюбнинг садоқатига қаратди. Бироқ Шайтон яна баҳона топиб, шундай деди: «Менга унинг жонини оғритишга рухсат этсанг бас, у сени лаънатлайди». Шунда Яҳова Шайтонга: «Майли, унга зарар келтиришинг мумкин, аммо уни ўлдириб қўйма»,— деди.

Аюб нималарни бошдан кечирди? Нега унинг хатти-ҳаракати Худони қувонтирди?

Шайтон Аюбни оғир касалликка йўлиқтирди. Унинг танасига яралар тошиб, шундай ёмон ҳид чиқара бошладики, ҳеч ким унинг ёнига яқинлашгиси келмасди. Ҳатто хотини ҳам унга: «Худони лаънатланг-да, ўлиб қўя қолинг!» — деб айтди. Бир куни ўзини дўст қилиб кўрсатган одамлар Аюбнинг ёнига келишди. Улар, Аюб бу қийинчиликларга бекордан дуч келмаяпти, балки олдин қилган нотўғри ишлари учун жазо оляпти, деб айтишди. Шайтон Аюбга азоб ва зарар келтирганига қарамай, Аюб Яҳовага содиқ қолди (Аюб 2:1–13; 7:5; 19:13–20).

Нима деб ўйлайсиз, Аюбнинг садоқатини кўриб, Яҳова нимани ҳис қилган? ~ Бу Яҳовани роса қувонтирган. Шунинг учун У Шайтонга шундай деди: «Аюбга қара! У менга ўз хоҳиши билан хизмат қиляпти». Сиз ҳам Аюб каби Худога содиқ қолиб, Шайтоннинг ёлғончи эканини исботлайсизми? ~ Шундай йўл тутсангиз, Яҳова сиз билан фахрланади. Ахир бу катта шараф-ку! Чунки Шайтон ҳаммани Яҳовадан юз ўгиришга ундайман, деганди. Сиз эса унинг ёлғончи эканини исботлаган бўласиз. Шубҳасизки, Исо ҳам буни шараф деб билган.

Улуғ Устозимиз ҳеч қачон Шайтоннинг уни қандайдир нотўғри йўл тутишга ундашига йўл қўймасди. Унинг Отаси қанчалик қувонганини бир тасаввур қилиб кўринг! Яҳова Исога ишора қилиб, Шайтонга шундай дейиши мумкин эди: «Ўғлимга қара! У Мени севгани учун охиригача содиқ қолди!» Исо ҳам Отасини хурсанд қилганидан роса қувонган. Бу қувонч уни ҳатто азоб устунидаги ўлимга чидашига ёрдам берган (Ибронийларга 12:2).

Сиз ҳам Улуғ Устозимизга ўхшаб, Яҳовани хурсанд қилишни истайсизми? ~ Унда Яҳова биздан нима истаётганини ўрганишда давом этинг ва шундай йўл тутиб, Уни қувонтиринг!

Исо Худони қувонтириш учун нима қилган ва биз ҳам нима қилишимиз кераклиги ҳақида қуйидаги оятлардан ўқинг: Ҳикматлар 23:22–25; Юҳанно 5:30; 6:38; 8:28 ва 2 Юҳанно 4.