Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яқинлашаётган янги дунёда яшаш учун ҳозирданоқ тайёрлана оласиз

Янги дунё яқиндир!

Янги дунё яқиндир!

Аллоҳ ерни одил инсонлар унда абадий яшаши учун яратган. (Забур 37:29) Худо илк жуфтликни, яъни Одамато ва Момоҳавони гўзал Адан боғига жойлаштирган ҳамда уларга ва авлодларига ерга ишлов бериб, парвариш қилиш вазифасини топширган. (Ибтидо 1:28; 2:15)

Бугунги дунё Худо ният қилган жаннатдан кескин фарқ қилади. Бироқ Аллоҳ Ўз ниятини ўзгартирмаган. Унда қай йўсин Худо ер юзини жаннатга айлантиради? Олдинги мақолалар шуни кўрсатдики, Тангри ерни йўқ қилмайди, аксинча, садоқатли инсонлар унда яшашига имкон беради. Худо Ўз ваъдаларини бажарганида, ер юзида шароитлар қандай бўлади?

Умумжаҳон ҳукумат

Яқинда Худонинг янги самовий ҳукумати бутун инсоният устидан бошқарганда, ер юзи яхши ва мамнуният бағишлайдиган ишлар билан банд, аҳил ҳамда бахтиёр инсонлар яшайдиган жойга айланади. Аллоҳ ер юзи устидан бошқариш учун Исо Масиҳни тайинлаган. Ҳозир бошқараётган аксарият ҳукмдорлардан фарқли равишда, Исо қўли остидаги одамларнинг манфаати учун чин дилдан қайғуради. Унинг бошқаруви севгига асосланади ҳамда у меҳрибон, раҳмдил ва адолатли Шоҳ бўлади. (Ишаё 11:4)

Халқаро бирлик

Ер юзидаги янги жамиятда миллат ёки ирқ туфайли бўлинишлар бўлмайди. Инсоният битта якдил халққа айланади. (Ваҳий 7:9, 10) Ўшанда ер юзида яшовчи барча инсонлар Худони ҳамда яқинини севади. Улар тинчликда яшаб, Аллоҳнинг илк ниятига кўра, уйлари бўлмиш ер юзига ғамхўрлик қилиш ишида ҳамкорлик қилишади. (Забур 115:16)

Табиат билан уйғунликда яшаш

Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқарганда, Аллоҳ иқлимни тўлиқ назорат қилади ва уни бир маромда сақлайди. (Забур 24:1, 2) Ер юзида бўлганида Исо Масиҳ бўронни осонгина тинчлантириб, Худо унга берган қудрат ёрдамида нималар қила олишини кўрсатган. (Марк 4:39, 41) Масиҳнинг бошқаруви остида ҳеч ким табиий офатлардан қўрқиб яшамайди. Шунингдек, Худонинг Шоҳлиги табиат ва инсонлар орасидаги уйғунликни тиклайди. (Ҳўшея 2:18)

Мукаммал соғлиқ ва мўл-кўл озиқ-овқат

Барча одамлар мукаммал соғлиққа эга бўлади. Ҳеч ким касал бўлмайди, қаримайди ва ўлмайди. (Ишаё 35:5, 6) Одамато билан Момоҳаво Адан боғида завқланиб яшаганидек, инсонлар ҳам чиройли ва тоза атроф муҳитдан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечиришади. Адан боғида бўлгани каби, янги дунё келганида ҳам ер мўл-кўл ҳосил беради ва унда яшовчиларнинг бари тўкин-сочин ҳаёт кечиради. (Ибтидо 2:9) Худонинг қадимда яшаган Исроил халқи сингари жаннатда ҳар ким тўйгунича «нон» ейди. (Левилар 26:4, 5)

Чинакам тинчлик ва хавфсизлик

Худонинг умумжаҳон ҳукумати остида барча инсонлар тинчликда яшаб, бир-бирига меҳр ва адолат ила муомала қилишади. Ўшанда урушлар ҳамда ўз ҳокимиятини суиистеъмол қиладиган одамлар бўлмайди ва ҳамманинг эҳтиёжлари қондирилади. Муқаддас Китобда қуйидаги ваъда ёзилган: «Уларнинг ҳар бири ўзининг токи ва анжир дарахти тагида ўтиради. Уларни ҳеч ким даҳшатга солмайди». (Михо 4:3, 4)

Шинам уй ва қониқарли иш

Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлиб, ундан айрилиш қўрқуви билан яшамайди. Бундан ташқари, барчамиз меҳнатимизнинг роҳатини кўрамиз. Муқаддас Ёзувларда айтилганидек, янги дунёда яшайдиганлар «беҳудага меҳнат қилмайди». (Ишаё 65:21–23)

Энг аъло таълим

Муқаддас Китобда «ер юзи... Яҳова ҳақидаги билимга тўлади» деган ваъда бор. (Ишаё 11:9) Худонинг Шоҳлиги остида яшайдиган инсонлар Яратувчиси Яҳованинг чексиз донолиги ва Унинг гўзал ижодлари ҳақида билим олишади. Улар билимидан қуроллар ясаш ёки бошқа одамларга зарар келтириш учун фойдаланмайди. (Ишаё 2:4) Аксинча, улар ўзаро тинчликда яшашни ва ер юзига ғамхўрлик қилишни ўрганишади. (Забур 37:11)

Абадий ҳаёт

Биз ҳар куни ҳаётдан завқланиб яшашимиз учун, Аллоҳ ер юзида керакли барча шароитни муҳайё қилган. У одамлар ер юзида абадий яшашини истаган. (Забур 37:29; Ишаё 45:18) Худо илк ниятини амалга ошириш учун ўлимни «тоабад йўқ қилади». (Ишаё 25:8) Муқаддас Китобда «ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди», дея ваъда берилган. (Ваҳий 21:4) Тангри ёвуз дунёни йўқ қилганида садоқатли кишиларга нажот бериб ҳамда янги дунёда сон-саноқсиз одамларни тирилтириб, уларнинг барчасига абадий яшаш имконини тақдим этади. (Юҳанно 5:28, 29; Ҳаворийлар 24:15)

Бугунги кунда дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар яқинлашиб келаётган Худо бошқаруви остидаги янги дунёда яшаш учун тайёрланишяпти. Улар номукаммал бўлишларига қарамай, Тангри янги дунёда кўришни истайдиган инсон бўлиш учун ҳозирдан ҳаракат қилишяпти. Қандай қилиб? Улар Аллоҳ Яҳова ҳамда У юборган Исо Масиҳ тўғрисида билим олишяпти. (Юҳанно 17:3)

Қандай қилиб охиратда омон қолиш ва яқинлашиб келаётган янги дунёда яшаш мумкинлиги ҳақида кўпроқ билиб олинг. Истасангиз, Яҳова Шоҳидларининг биридан сиз билан «Ҳаётдан тоабад завқланинг» китоби ёрдамида Муқаддас Ёзувлар асосида жонли суҳбатлар қуришни сўрашингиз мумкин. Бу суҳбатлар бепул.