Асосий материалларга ўтиш

Ҳақиқий динни қандай топа оламан?

Ҳақиқий динни қандай топа оламан?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китобда ҳақ динга эътиқод қиладиган ва қилмайдиган инсонларнинг фарқини кўрсатувчи қуйидаги мисол ёзилган: «Уларни ишларидан [меваларидан, изоҳ] билиб оласизлар. Ахир, қайси инсон тиканакдан узум ёки янтоқдан анжир теради?» (Матто 7:16) Токни тиканли бутадан мевалари бўйича ажратиш мумкин бўлганидай, ҳақ динни сохта диндан мевалари ёки белгилари бўйича фарқласа бўлади. Келинг, ушбу белгиларни кўриб чиқайлик.

  1.   Ҳақиқий дин одамларнинг фалсафасига эмас, Муқаддас Китобга асосланган ҳақиқатга ўргатади. (Юҳанно 4:24; 17:17) Масалан, у жон ва ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умиди тўғрисидаги ҳақиқат борасида таълим беради. (Забур 37:29; Ишаё 35:5, 6; Ҳизқиё 18:4) У шунингдек, динларнинг сохта таълимотларини фош қилади. (Матто 15:9; 23:27, 28)

  2.   Ҳақ дин одамларга Худо ва Унинг исми Яҳова экани ҳақида билиб олишга ёрдам беради. (Забур 83:18; Ишаё 42:8; Юҳанно 17:3, 6) У Худо биздан узоқда ва Унга яқинлашишнинг имкони йўқ, деб ўргатмайди. Аксинча, Аллоҳ биз билан яқин муносабатларга эга бўлишни хоҳлаётгани ҳақида таълим беради. (Ёқуб 4:8)

  3.   Ҳақиқий дин Аллоҳ фақат Исо пайғамбар орқали нажот беришини ўргатади. (Ҳаворийлар 4:10, 12) Унга эътиқод қилувчилар Исонинг амрларига риоя қилиб, унинг ўрнагига тақлид қилишга интилади. (Юҳанно 13:15; 15:14)

  4.   Ҳақ дин Худонинг Шоҳлиги инсонлар учун ягона умид эканига диққат қаратади. Унга эътиқод қиладиган инсонлар бу Шоҳлик ҳақида бошқаларга ғайрат ила айтиб беради. (Матто 10:7; 24:14)

  5.   Ҳақиқий дин беғараз севгини намоён этишга ундайди. (Юҳанно 13:35) Шунингдек, инсонларга ирқи, маданияти, тили ва келиб чиқишидан қатъи назар ҳурмат кўрсатишга ва одам ажратмасликка ўргатади. (Ҳаворийлар 10:34, 35) Унга эътиқод қилувчилар инсонларни яхши кўргани учун урушларда қатнашмайди. (Михо 4:3; 1 Юҳанно 3:11, 12)

  6.   Ҳақ дин вакиллари орасидаги масъулиятли кишиларга пул тўламайди. Қолаверса, ҳеч ким баландпарвоз диний унвонлар билан аталмайди. (Матто 23:8–12; 1 Бутрус 5:2, 3)

  7.   Ҳақиқий дин вакиллари сиёсий масалаларга умуман аралашмайди. (Юҳанно 17:16; 18:36) Шу билан бирга, улар яшайдиган мамлакатдаги ҳукмрон ҳокимиятни ҳурмат қилиб, қонунларига бўйсунади. Шу йўсин, Муқаддас Китобдаги «подшоҳнинг ҳақини подшоҳга [ҳукмрон ҳокимиятга], Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар», деган амрга амал қилади. (Марк 12:17; Римликларга 13:1, 2)

  8.   Ҳақ дин шунчаки расм-русум ёки хўжа кўрсинга қилинадиган ҳаракатлар эмас, бу инсоннинг ҳаёт тарзидир. Унга эътиқод қилувчилар Муқаддас Китобдаги юқори ахлоқий меъёрларга ҳаётининг ҳар бир соҳасида амал қилади. (Эфесликларга 5:3–5; 1 Юҳанно 3:18) Улар тушкунликка тушиб юришнинг ўрнига «бахтиёр Тангрига» хизмат қилишдан қувонч топади. (1 Тимўтийга 1:11)

  9.   Ҳақиқий дин вакиллари озчиликни ташкил этади. (Матто 7:13, 14) Кўп ҳолларда уларни камситишади, масхара қилишади ва Худонинг иродасини бажараётгани учун таъқиб қилишади. (Матто 5:10–12)

Ўзимизга мос келадиган динни ҳақиқий, деб айтса бўладими?

 Фақатгина ўзимизга ёқадиган динни танлаш хавфли. Муқаддас Китобда одамлар «қулоқларига ёқадиган нарсаларни сўзлайдиган [диний] устозларни йиғадиган» пайт ҳақида башорат қилинган. (2 Тимўтийга 4:3) Шу билан бирга, Муқаддас Китоб бизни бирон дин кенг тарқалмаган бўлса ҳам, у «Отамиз Худонинг назарида тоза ва бенуқсон бўлса», унга эътиқод қилишга ундаяпти. (Ёқуб 1:27; Юҳанно 15:18, 19)