Асосий материалларга ўтиш

Худонинг нечта исми бор?

Худонинг нечта исми бор?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Худонинг битта шахсий исми бор. Ибронийчада יהוה деб ёзилади. Ўзбек тилига одатда «Яҳова» деб таржима қилинади a. Ишаё пайғамбар орқали Худо шундай деган: «Мен Яҳоваман. Бу — Менинг исмим». (Ишаё 42:8) Муқаддас Китобнинг қадимги қўлёзмаларида бу исм тахминан 7 000 марта учрайди. Муқаддас Китобда мазкур илоҳий исм Худога нисбатан қўлланилган ҳар қандай атама ёки бошқа инсонларнинг исмига қараганда кўпроқ айтиб ўтилган b.

Яҳованинг бошқа исмлари борми?

 Гарчи Муқаддас Китобда Худонинг фақат битта шахсий исми бор бўлса-да, аммо Унга нисбатан кўпгина унвонлар ва атамалар ҳам қўлланилган. Қуйида келтирилган унвон ва атамалар Яҳова шахсиятининг қирраларини очиб беради.

Унвон

Оят

Маъноси

Абадият Шоҳи

Ваҳий 15:3

У доим мутлақ ҳокимиятга эга бўлган ва эга бўлади.

Азалий Нуроний

Дониёр 7:9, 13, 22

Бу унвон Унинг боши йўқлигини, яъни ҳар ким ва ҳар нарса пайдо бўлишидан аввал абадият давомида мавжуд бўлганини билдиради. (Забур 90:2)

Аллоҳ, Худо

Ибтидо 1:1

Араб тилидан келиб чиққан «Аллоҳ» сўзи шахсий исм эмас, балки «Худо» сўзини билдирувчи унвондир. Муқаддас Китобнинг араб ҳамда бошқа тиллардаги таржималарида «Худо» сўзининг ўрнига «Аллоҳ» сўзи қўлланилган. У одамлар топиниши керак бўлган қудратли Шахс. Ибронийча Элоҳим сўзи кўплик шаклини билдириб, Яҳованинг улуғворлиги ҳамда маҳобатига ишора қилади.

Альфа ва Омега

Ваҳий 1:8; 21:6; 22:13

«Биринчи ва охирги» ёки «ибтидо ва интиҳо» сўзлари Яҳовадек Қодир Тангри олдин бўлмаганини, кейин ҳам бўлмаслигини англатади. (Ишаё 43:10) Альфа ва Омега юнонча алифбонинг биринчи ва охирги ҳарфларидир.

Бахтиёр Тангри

1 Тимўтийга 1:11

Унга қувонч ва бахт хос. (Забур 104:31)

Буюк Устоз

Ишаё 30:20, 21

Инсон фойдасини кўзлаб таълим ва йўл-йўриқ беради. (Ишаё 48:17, 18)

Ибодатларни Эшитгувчи

Забур 65:2

Унга ишониб ибодат қилган ҳар қандай инсонни шахсан Ўзи тинглайди.

Кулол

Ишаё 64:8

Кулол лой устидан ҳокимиятга эга бўлгани сингари, У инсонлар ва халқлар устидан ҳокимиятга эга. (Римликларга 9:20, 21)

Мен бор бўлган Менман

Чиқиш 3:14, Ўзбекистон Библия Жамияти, изоҳ

Ўз ниятини амалга ошириш учун У ким бўлиши керак бўлса, Ўша бўлади. Бу ибора шунингдек, «Мен Ким бўлишни истасам, Ўша бўламан» деб таржима қилинади. («Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг А4 иловаси) Бундай тавсиф Чиқиш 3:15- оятдаги Худонинг шахсий исми — «Яҳова»нинг маъносини тушунишга ёрдам беради.

Нажоткор

Ишаё 45:21

Хавф-хатар ва ҳалокатдан қутқаради.

Олий Ҳукмдор

Ибтидо 15:2

Олий ҳокимият Соҳиби.

Ота

Матто 6:9

Ҳаёт берувчи

Рабб

Забур 135:5

Эга ёки хўжайин.

Рашкчи

Чиқиш 34:14, Ўзбекистон Библия Жамияти

Топинишда рақобатга тоқат қилмайди. Бу ибора, шунингдек, «мутлақ садоқатни талаб этувчи» деб таржима қилинади. («Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»)

Таоло

Забур 47:2; Дониёр 7:18, 27

У энг юқори мавқега эга, Олий ҳукмдор.

Халоскор

Ишаё 41:14

Исонинг тўлов қурбонлиги асосида У инсониятни гуноҳ ва ўлимдан халос қилади. (Юҳанно 3:16)

Худолар Худоси

Қонунлар 10:17

Баъзилар топинадиган «фойдасиз худолардан» фарқли ўлароқ қудратли Худо. (Ишаё 2:8)

Чўпон

Забур 23:1

Ўз топинувчиларига ғамхўрлик қилади.

Энг Муқаддас Зот

Ҳикматлар 9:10

Ҳар қандай мавжудотга қараганда муқаддас, ахлоқан пок ва тоза.

Яратувчи

Забур 149:2; Ишаё 40:28

Барча нарсани вужудга келтирган. (Ваҳий 4:11)

Қодир

Ибтидо 17:1

У чексиз куч-қудрат эгаси. «Қодир Аллоҳ» ёки «Қодир Тангри» унвонлари Муқаддас Китобда 7 марта учрайди.

Қоя

Забур 18:2, 46

Хавфсиз бошпана ва нажот манбаи.

Қўшинлар Сарвари

Ишаё 1:9; Римликларга 9:29

Сон-саноқсиз фаришталардан ташкил топган қўшин қўмондони.

Тавротда учрайдиган жой номлари

 Муқаддас Китобда учрайдиган баъзи жой номлари таркибида Худонинг шахсий исми бор. Аммо бу номларни Худонинг исми ўрнига ишлатиш мумкин дегани эмас.

Жой номи

Оят

Маъноси

Яҳова-Йире

Ибтидо 22:13, 14

«Яҳова беради».

Яҳова-Нисси

Чиқиш 17:15

«Яҳова — менинг белгимдир» ёки «байроғимдир». (Ўзбекистон Библия Жамияти) Яҳованинг халқи ҳимоя ва паноҳ топиш учун Унинг атрофида йиғилади. (Чиқиш 17:13–16)

Яҳова-Шалом

Ҳакамлар 6:23, 24

«Яҳова — тинчлик».

Худонинг исмини билиш ва қўллаш учун сабаблар

  •   Худо одамлар Унинг шахсий исми —«Яҳова»ни билишини хоҳлайди. Муқаддас Китобда Унинг исми минглаб маротаба ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилганидан буни яққол кўрса бўлади. (Малаки 1:11)

  •   Худонинг Ўғли Исо илоҳий исм муҳимлигини қайта-қайта айтиб ўтган. Масалан, у Яҳовага ибодат қилиб: «Исминг муқаддас бўлсин»,— деган. (Матто 6:9; Юҳанно 17:6)

  •   Худонинг исмини билиш ва қўллаш Яҳова билан дўстлашишда қўйилган илк қадамдир. (Забур 9:10; Малаки 3:16) Худо Ўзи билан дўстлашган инсонларга шундай ваъда бермоқда: «Мени севгани учун уни қутқараман. Исмимни билгани учун уни ҳимоя қиламан». (Забур 91:14)

  •   Муқаддас Китоб: «Осмонда ва ерда “худо” деб аталганлар бор... чиндан ҳам “худолар” ва “ҳазратлар” кўп»,— деб тан олмоқда. (1 Коринфликларга 8:5, 6) Лекин бу китобдан исми «Яҳова» бўлган биргина ҳақ Худо борлигини аниқ кўрса бўлади. (Забур 83:18)

a Иброний тили бўйида баъзи олимлар Худонинг исмини «Яҳве» ёки «Яҳво» деб таржима қилишни афзал кўради.

b Муқаддас Китобда бу илоҳий исмнинг қисқартмаси бўлмиш «Яҳ», шу жумладан, «Яҳга ҳамдлар бўлсин» деган маънони билдирувчи «Ҳаллелуя» сўзи тахминан 50 марта учрайди. (Ваҳий 19:1, изоҳ)