Асосий материалларга ўтиш

Нуҳ ва Тўфон тўғрисидаги ҳикоя шунчаки афсонами?

Нуҳ ва Тўфон тўғрисидаги ҳикоя шунчаки афсонами?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Тўфон чиндан ҳам юз берган. Худо ёвузларни йўқ қилиш учун тўфонга дучор қилган, аммо яхши одамлар ва ҳайвонларни сақлаб қолиш учун Нуҳга кема қуришни айтган. (Ибтидо 6:11–20) Тўфон чиндан ҳам юз берганига ишона оламиз, чунки бу ҳақида «Худо томонидан илҳомлантирилган» Муқаддас Китобда ёзилган. (2 Тимўтийга 3:16)

 Ростми ёки ёлғонми?

 Муқаддас Китобга кўра, Нуҳ пайғамбар чиндан ҳам яшаган. Тўфон ҳам юз берган воқеа бўлиб, ўйлаб топилган афсона эмас.

  •   Муқаддас Китобни ёзганлар Нуҳ чиндан ҳам яшаганига ишонган. Масалан, улардан айримлари Эзра ва Луқо Исроил халқининг насабномасида Нуҳни қаламга олган моҳир тарихчилардир. (1 Солномалар 1:4; Луқо 3:36) Шунингдек, Инжил ёзувчилари Матто ва Луқо Исонинг Нуҳ ҳамда Тўфон ҳақида айтганларини тилга олган. (Матто 24:37–39; Луқо 17:26, 27)

     Қолаверса, Ҳизқиё пайғамбар ва ҳаворий Павлус Нуҳни имонли ва одил киши сифатида ўрнак қилиб келтирган. (Ҳизқиё 14:14, 20; Ибронийларга 11:7) Агар Нуҳ афсонавий киши бўлганида, бу ёзувчилар уни ўрнак сифатида келтирармиди? Дарҳақиқат, имон борасида ўрнак кўрсатган Нуҳ ва бошқа эркагу аёллар тақлид қилишга арзийди, чунки улар чиндан ҳам яшаган. (Ибронийларга 12:1; Ёқуб 5:17)

  •   Муқаддас Китобда Тўфон ҳақида майда-чуйда тафсилотлар келтирилган. Муқаддас Китобда Тўфон ҳақидаги ҳикоя гўёки эртакдай, «бир бор экан, бир йўқ экан» каби сўзлар билан бошланмаган. Аксинча, у ерда Тўфон билан боғлиқ воқеаларга тааллуқли йил, ой ва кун келтирилган. (Ибтидо 7:11; 8:4, 13, 14) Бундан ташқари, Нуҳ қурган кеманинг ўлчамлари ҳам ёзилган. (Ибтидо 6:15) Тафсилотлардан шуни кўряпмизки, Муқаддас Китобда тилга олинган Тўфон афсона эмас, у ростдан ҳам юз берган.

 Нима учун Тўфон юз берган?

 Муқаддас Китобга кўра, Тўфондан олдин «одамлар қабиҳликка ботиб кетган» эди. (Ибтидо 6:5) Шунингдек, ер юзи зўравонлигу жинсий ахлоқсизликка тўлиб-тошганидан «ҳақ Тангрининг назарида жирканч аҳволга тушганди». (Ибтидо 6:11; Яҳудо 6, 7)

 Муқаддас Китобда айтилишича, бундай қабиҳликлар юз берганининг сабаби ёвуз фаришталар осмонни ташлаб, аёллар билан жинсий яқинликда бўлганида эди. Бу фаришталарнинг болалари нефилимлар деб аталган ва ўша пайтдаги одамларга азоб-уқубат келтирган. (Ибтидо 6:1, 2, 4) Худо ерни ёвузликдан тозалаб, яхши одамларга барчасини бошқатдан бошлаш имконини бермоқчи эди. (Ибтидо 6:6, 7, 17)

 Одамлар Тўфон бўлишини билганми?

 Ҳа. Худо нима қилмоқчи эканини Нуҳга айтиб, унинг оиласи ва ҳайвонларни сақлаб қолиш учун кема қуриш борасида йўл-йўриқлар берган. (Ибтидо 6:13, 14; 7:1–4) Нуҳ яқинлашиб келаётган Тўфон ҳақида одамларни огоҳлантирган, аммо улар унинг айтганларини назарига илмаган. (2 Бутрус 2:5) Муқаддас Китобда: «Тўфон келиб барини қириб ташламагунча, улар парво қилишмаган»,— деб ёзилган. (Матто 24:37–39)

 Нуҳнинг кемаси қандай бўлган?

 Кема катта қути ёки сандиққа ўхшаган бўлиб, узунлиги тахминан 133 метрга, кенглиги 22 метрга ва баландлиги 13 метрга тенг эди a. Кема смолали дарахт ёғочидан ясалган эди ва ички ҳамда ташқи томонига смола суртиб чиқилганди. У учта қават ва бир нечта хонадан иборат эди. Кеманинг ён тарафида эшик ва тепа қисмида, эҳтимол, дераза бўлган. Афтидан, сув оқиб кетиши учун кема томининг ўрта қисми баландроқ бўлган. (Ибтидо 6:14–16)

 Нуҳ кемани қанча вақт қурган?

 Муқаддас Китобда Нуҳ кемани қанча вақт қургани ҳақида айтилмаган, аммо у бир неча ўн йил давомида қурган бўлса керак. Тўнғич ўғли туғилганда Нуҳ 500 ёшдан ошган эди. Тўфон юз берганида эса, 600 ёшда эди b. (Ибтидо 5:32; 7:6)

 Нуҳнинг учала ўғли улғайиб оилали бўлгач, Худо унга кема қуришни айтади. Эҳтимол, бунинг учун тахминан 50 ёки 60 йил кетгандир. (Ибтидо 6:14, 18) Агар шундай бўлса, кемани қуриб битказиш учун 40 ёки 50 йил кетган деган хулосага келиш ўринли.

a Муқаддас Китобда кема ўлчамлари тирсакларда келтирилган. «Ибронийларнинг ўлчами бўйича, одатда бир тирсак узунлиги 44,45 сантиметрга тенг бўлган». («The Illustrated Bible Dictionary», қайта кўрилган нашр, 3- бўлим, 1635- саҳифа)

b Нуҳ каби одамлар қанча яшагани борасида «Қўриқчи минораси» 2010 йил 1 декабрь сонининг (рус) «Қадимда одамлар чиндан ҳам узоқ умр кўрганми?» номли мақолага қаранг.