Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китоб «нажот топган киши ундан ҳеч қачон маҳрум бўлмайди» деб ўргатадими?

Муқаддас Китоб «нажот топган киши ундан ҳеч қачон маҳрум бўлмайди» деб ўргатадими?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Йўқ, Муқаддас Китоб бундай нуқтаи назарни қўллаб-қувватламайди. Исо пайғамбарга ишониб нажот топган инсон имонини йўқотиши мумкин. Бу эса нажотни ҳам қўлдан бой берди деганини англатади. Муқаддас Китоб имонни мустаҳкамлаш йўлида «зўр бериб курашиш» лозимлигини айтмоқда. (Яҳудо 3, 5) Гарчи илк масиҳийлар Исога аллақачон ишонган бўлса-да, уларга шундай огоҳлантириш берилган эди: «Бундан буён ҳам қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизга эришишга урининглар». (Филиппиликларга 2:12)

«Нажот топган киши ундан ҳеч қачон маҳрум бўлмайди» деган ғояни рад этувчи Муқаддас Китоб оятлари

  •   Муқаддас Китоб жиддий гуноҳ қилган инсон Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмаслиги ҳақида огоҳлантирган. (1 Коринфликларга 6:9–11; Галатияликларга 5:19–21) Агар киши эришган нажотидан ҳеч қачон маҳрум бўлмаганида, бундай огоҳлантириш ўз кучини йўқотган бўларди. Муқаддас Китобдан кўриниб турибдики, нажот топган инсон яна гуноҳли ишларни қилаверса, нажотни йўқотиши мумкин. Мисол учун, Ибронийларга 10:26 да: «Борди-ю, ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлгандан кейин ҳам атайлаб гуноҳ қилаверсак, гуноҳларни ювадиган бошқа қурбонлик қолмайди». (Ибронийларга 6:4–6; 2 Бутрус 2:20–22)

  •   Исо пайғамбар имонни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаш учун бир мисол келтирган. Бу мисолда Исо ўзини ток, издошларини эса токнинг новдалари билан солиштирган. Уларнинг баъзилар қачондир ишлари билан имонни намоён этган ёки ҳосил берган, аммо вақт ўтиб бундай қилмай қўйишган ва улар ҳосил бермайдиган «новда сингари кесиб ташланган». (Юҳанно 15:1–6) Ҳаворий Павлус ҳам шунга ўхшаш мисол келтириб, имонини йўқотган масиҳийлар новда каби «кесиб ташланиши» ҳақида айтган эди. (Римликларга 11:17–22)

  •   Исо пайғамбар: «Ҳушёр туринглар»,— деб амр берган. (Матто 24:42; 25:13) Кимки маънан ухлаб қолиб «зулматга оид ишларни» қилаверса ҳамда Исонинг амрларини тўлиқ бажармаса, нажотини йўқотиши мумкин. (Римликларга 13:11–13; Ваҳий 3:1–3)

  •   Кўпгина Муқаддас Китоб оятларидан нажотга эришганлар охиригача садоқатли қолишлари кераклигини кўрса бўлади. (Матто 24:13; Ибронийларга 10:36; 12:2, 3; Ваҳий 2:10) Илк масиҳийлар имондошлари имонда маҳкам тургани ҳақида эшитиб хурсанд бўлишган. (1 Салоникаликларга 1:2, 3; 3 Юҳанно 3, 4) Имонни йўқотган киши ҳам нажотга эришадиган бўлса, Муқаддас Китоб садоқатли қолишга шунчалик урғу берган бўлармиди?!

  •   Ҳаворий Павлус ўлим арафасида бўлгандагина нажотга эришганига амин бўлган. (2 Тимўтийга 4:6–8) Бундан олдин эса у тана истакларига берилса, нажотни қўлдан бой бериши мумкинлигини тан олган. У шундай ёзган: «Бошқаларга хушхабарни айтиб юриб, ўзим Худога номаъқул бўлиб қолмай деб, танамни савалаб, уни қулдай назорат қиляпман». (1 Коринфликларга 9:27; Филиппиликларга 3:12–14)