Асосий материалларга ўтиш

Исо пайғамбарнинг ташқи кўриниши қандай бўлган?

Исо пайғамбарнинг ташқи кўриниши қандай бўлган?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Исонинг ташқи кўриниши қандай бўлгани борасида ҳеч ким тўлиқ маълумотга эга эмас. Чунки Муқаддас Китобда, бу ҳақида аниқ айтилмаган. Демак, Унинг ташқи кўриниши қандай бўлганига кўп эътибор қаратмаслигимиз керак. Лекин Аллоҳнинг Каломидан бу ҳақда баъзи нарсаларни билиб олишимиз мумкин.

  •   Ташқи кўриниши. Исо яҳудий бўлган ва эҳтимол, сомийларнинг ташқи кўриниши унга онасидан мерос бўлиб ўтган. (Ибронийларга 7:14) Унинг ташқи кўриниши ўзгача бўлмаган. Бир сафар Исо Жалиладан Қуддусга яширинча борган ва уни ҳеч ким танимаган. (Юҳанно 7:10, 11) Шунингдек, у шогирдларидан ажралиб турмаган. Шу сабабдан Яҳудо Ишқариёт Исони ҳибсга олишга келган бир тўда одамларга Масиҳ кимлигини кўрсатишига тўғри келган. (Матто 26:47–49)

  •   Сочининг узунлиги. Исонинг сочи узун бўлгани амримаҳол. Чунки Муқаддас Китобда, эркак сочини ўстириши шармандалик, деб айтилган. (1 Коринфликларга 11:14)

  •   Соқоли. Исо пайғамбарнинг соқоли бор эди. У: «Соқолингизнинг учини қирқманглар», — деган яҳудийларнинг қонунига амал қилган. (Левилар 19:27; Галатияликларга 4:4) Шунингдек, Исонинг азобланиши ҳақидаги башоратда у соқол билан тасвирланган. (Ишаё 50:6)

  •   Танаси. Барча омиллар шуни кўрсатяптики, Исо алайҳиссалом жисмонан кучли бўлган. Шунингдек, у ер юзидаги хизмати мобайнида кўп пиёда юрган. (Матто 9:35) Исо маъбадни икки марта тозалаган. У ерда пул алмаштирувчиларнинг пештахталарини ағдариб юборган ва бир сафар қамчи ясаб, ҳайвонларни маъбаддан ҳайдаб чиқарган. (Луқо 19:45, 46; Юҳанно 2:14, 15) Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Инжил баёнотига кўра, [Исо] кучли ва соғлом танага эга бўлган». («McClintock and Strong’s Cyclopedia» IV жилд, 884- саҳ.)

  •   Юз ифодаси. Исо меҳрибон ва ҳамдард экани унинг юз ифодасида акс этган. (Матто 11:28, 29) Турли одамлар тасалли ва ёрдам олиш учун Исога интилган. (Луқо 5:12, 13, 7:37, 38) Ҳатто болаларга ҳам у билан бирга бўлиш ёқарди. (Матто 19:13–15; Марк 9:35–37)

Исонинг ташқи кўриниши борасида нотўғри фикрлар

 Нотўғри фикр. Баъзилар, Исо африкаликлардан келиб чиққан, деб таъкидлашади. Чунки Ваҳий китобида, унинг сочлари «жун» оёқлари эса «соф мис» билан солиштирилган. (Ваҳий 1:14, 15)

 Факт. Ваҳий китоби рамзлардан иборат. (Ваҳий 1:1)

Бу ерда Исонинг сочлари ва оёқлари ҳақида айтилганлар рамзий маънога эга. Улар Исонинг ер юзидаги ташқи кўринишини эмас, аксинча, тирилганидан кейин эга бўлган фазилатларини тасвирлайди. Ваҳий 1:14 да Исонинг «сочлари оқ жундек ёки қордай оппоқ» дейилган. Бу ерда сочнинг тури эмас, ранги ҳақида айтилган. Оқарган сочлар Исо пайғамбарнинг йиллар давомида орттирган донолигини тасвирлайди. (Ваҳий 3:14) Ушбу оятда Исонинг сочи қандай турда бўлгани ҳақида гап кетмаяпти. Чунки сочлари нафақат жунга, балки қорга ҳам ўхшатилган.

 Шунингдек, Исонинг оёқлари «кўрада қиздирилган соф мис», юзи эса «бамисли ярқираётган қуёш каби» тасвирланган. (Ваҳий 1:15, 16) Ҳеч бир ирқда бундай тана рангига эга инсонлар йўқ. Шунинг учун, бу ваҳий рамзий маънога эга бўлиб, тирилган Исо «яқинлашиб бўлмайдиган нурда турганини» тасвирлайди. (1 Тимўтийга 6:16)

 Нотўғри фикр. Исо нимжон ва заиф бўлган.

 Факт. Исо ҳақиқий эркак бўлган. Масалан, қуролланган аскарлар уни ҳибсга олиш учун келганида, Исо жасорат билан уларнинг қаршисига чиққан. (Юҳанно 18:4–8) Шунингдек, Исо дурадгор бўлгани ва қўлда ишлатиладиган асбоблардан фойдалангани унинг жисмонан кучли бўлганидан далолат беради. (Марк 6:3) Унда нега Исо азоб устунини кўтаришда ёрдамга муҳтож бўлган?

 Ва нега Исо у билан бирга устунга михланган кишилардан олдин ўлган? (Луқо 23:26; Юҳанно 19:31–33) Устунга михланишдан олдин Исо бошдан кечирган синовлар кўп кучини олган. Қисман руҳий изтироблар сабабли Исо туни билан ухламай чиққан. (Луқо 22:42–44) Туни билан яҳудийлар Исога қўпол муомалада бўлиб, мазах қилишган. Эрталаб эса римликлар уни қийнашган. (Матто 26:67, 68; Юҳанно 19:1–3) Бу омиллар Исонинг ўлимини тезлаштирган бўлиши мумкин.

 Нотўғри фикр. Исо доим хомуш ва ғамгин бўлган.

 Факт. Исо самовий Отасининг фазилатларини мукаммал даражада акс эттирган. Зеро, Яҳова Муқаддас Китобда «бахтиёр Тангри» деб аталган. (1 Тимўтийга 1:11; Юҳанно 14:9) Шунингдек, Исо бошқаларга қандай қилиб бахтга эришиш мумкинлигини ўргатган. (Матто 5:3–9; Луқо 11:28) Шу сабабли, Исонинг юзида доим бахтиёрлик акс этган, деб айта оламиз.