Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

84- ДАРС

Исо сув устида юради

Исо сув устида юради

Исо нафақат касалларга шифо бериб, ўликларни тирилтирарди, балки шамол ва ёмғирни ҳам бошқара оларди. У тоғда ибодат қилиб бўлгач, Жалила денгизига қаради ва бўрон кўтарилганини кўрди. Бу пайт қайиқда бўлган ҳаворийлар зўр бериб шамолга қарши сузаётганди. Исо тоғдан тушиб, сув устидан уларнинг қайиғи томон юра бошлади. Ҳаворийлар сув устидан кимдир юриб келаётганини кўриб қўрқиб кетишди. Аммо Исо уларга: «Қўрқманглар, бу менман!» — деди.

Бутрус эса: «Ҳазратим, агар бу сиз бўлсангиз, менга буюринг, мен ҳам сув устида юриб ёнингизга борай»,— деб айтди. Исо унга: «Келинг!» — деди. Шунда Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юрганча Исо томон қадам босди. Аммо Исога яқинлашай деб қолганида, Бутрус бўронга қараб қўрқиб кетди ва чўка бошлади. У Исога: «Ҳазратим, мени қутқаринг!» — дея ҳайқирди. Исо қўлини чўзиб, уни ушлаб олди-да: «Эҳ, имони суст, нега шубҳаландингиз?» — деди.

Исо ва Бутрус қайиққа чиқиши биланоқ, бўрон тинчиб қолди. Шу пайт ҳаворийлар нималарни ҳис этганини бир тасаввур қилинг-а! Улар: «Сиз чиндан ҳам Худонинг Ўғли экансиз»,— дейишди.

Бу воқеа Исо табиат кучларини бошқарган ягона вазият эмас. Яна бир сафар Исо ҳаворийлари билан денгизнинг нариги соҳилига сузиб кетди. Ўшанда Исо қайиқнинг орқа томонида ухлаб қолди. У ухлаётганида кучли бўрон кўтарилди. Тўлқинлар қайиққа урилиб, уни сувга тўлдириб юборди. Ҳаворийлар Исони уйғотиб: «Устоз, Устоз, ҳалок бўляпмиз! Бизга ёрдам беринг!» — деб бақиришди. У ўрнидан туриб, денгизга: «Жим бўл!» — деб буюрди. Ўша заҳоти шамол тиниб, денгиз тинчланиб қолди. Исо ҳаворийларига: «Ишончингиз қани?» — деди. Улар бир-бирига шундай дейишди: «Ҳатто шамол ва денгиз унга бўйсуняпти-я?!» Ҳаворийлар бу воқеадан яхши сабоқ олишди: агар улар Исога тўлиқ таянса, ҳеч нарсадан қўрқмаса ҳам бўлади.

«Ёруғ дунёда Яҳованинг ҳимматини кўришга ишонмасам, ҳолим не кечади?» (Забур 27:13)