Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- ҚИСМ

Оиладаги тинчлик — энг яхши малҳам

Оиладаги тинчлик — энг яхши малҳам

«Меҳрибонлик, ўй-фикрда камтаринлик, мулойимлик ва узоқ сабрлилик каби ёқимли фазилатларга бурканинглар» (Колосаликларга 3:12).

Никоҳ қургандан сўнг янги бир оила пайдо бўлади. Гарчи, ота-онангизни ҳамиша севиб, ҳурмат-иззат қилсангиз ҳам, энди сиз учун ер юзидаги энг муҳим шахс умр йўлдошингиз бўлади. Эҳтимол, ота-онангиз бунга кўникиши қийин кечар. Бироқ Муқаддас Китобдаги меъёрлар мувозанатли бўлишингизга ёрдам беради. Шу йўсин, сиз ота-онангизу қайнота-қайнонангиз билан тотув бўлиб, оила ришталарингизни мустаҳкам қила оласиз. Ушбу қисмда айтиб ўтилган маслаҳатлар опа-сингил, ака-ука, қайнилар, буви-бувалар ва оиланинг бошқа аъзоларига тааллуқли.

1 ОИЛА АЪЗОЛАРИНГИЗГА ТЎҒРИ МУНОСАБАТДА БЎЛИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Ота-онангни ҳурмат қил» (Эфесликларга 6:2). Неча ёшда бўлишингиздан қатъи назар ота-онангизни доим эъзозлаб, ҳурмат қилишингиз зарур. Шуни унутмангки, турмуш ўртоғингиз кимнингдир ўғли ёки қизи бўлиб, ота-онасига эътибор бериши лозим. «Севги рашк қилмайди». Шу боис, умр йўлдошингизни унинг ота ёки онасига рашк қилиш нодонлик бўларди (1 Коринфликларга 13:4; Галатияликларга 5:26).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • «Оила аъзоларингиз доим мени камситишади» ёхуд «ҳеч бир ишим онангизга асло ёқмайди»,— деб бўрттиришдан йироқлашинг.

  • Барча нарсага жуфтингизнинг кўзи билан қарашга уриниб кўринг.

2 НИКОҲИНГИЗ УЧУН ЎЗИНГИЗ МАСЪУЛСИЗ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Эркак киши ота-онасидан бўлак чиқиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар» (Ибтидо 2:24). Турмуш қурганингиздан сўнг, ота-онангиз ўзларини сиз учун ҳали ҳам масъул деб ҳисоблашлари мумкин. Эҳтимол, улар никоҳингизга керагидан кўпроқ аралашар.

Эру хотин, ота-оналари никоҳида қай даражада қатнашишига ижозат берилишини биргаликда келишиб олишлари ва мулойимлик ила бу ҳақда уларга билдиришлари даркор. Очиқчасига ва дангал гапириш, қўпол бўлишни англатмайди (Ҳикматлар 15:1). Камтарин, мулойим ва узоқ сабрлилик оила аъзолари билан илиқ муносабатларга эга бўлиб, эру хотин қариндошларига нисбатан бардошли бўлишларига кўмаклашади (Эфесликларга 4:2).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Агар ўзингизнинг ёки умр йўлдошингизнинг қариндошлари ҳаддан ташқари ҳаётингизга аралашаётгандай туюлса, турмуш ўртоғингиз билан буни бафуржа муҳокама қилинг.

  • Бу масалани қандай ҳал қилишни ва ўзингизни қай йўсин тутишингизни бир ёқадан бош чиқариб гаплашиб олинг.