Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худога яқин бўлганим менга яхшидир

Худога яқин бўлганим менга яхшидир

МЕН тўққиз ёшда бўлганимда, бўйим ўсишдан тўхтаган. Бу, Кот-д’Ивуарда 34 йил илгари юз берган. Ҳозир, бўйим бор-йўғи 1 метр. Ўшанда, ота-онам бўйим бошқа ўсмаслигини билгач, ташқи кўринишим борасида кўп ўйламаслигим учун, доим меҳнат қилишга ундашган. Хуллас, уйимиз олдида растага мева-чеваларни чиройли қилиб териб, сотадиган бўлдим. Бу, анчагина харидорларни ўзига жалб қила бошлади.

Албатта, оғир меҳнат қилганим билан ҳеч нарса ўзгармади. Бўйим ўша-ўша паст эди ва ҳаётдаги ҳатто оддий нарсалар, масалан, растанинг баландлиги ҳам мен учун қийинчилик туғдирарди. Ҳамма нарса, бўйи меникидан деярли икки баравар баландроқ инсонлар учун мўлжаллангандай туюларди. Ўзимга-ўзим роса ачинардим, лекин 14 ёшимда барчаси ўзгарди.

Бир куни, Яҳованинг Шоҳидлари бўлган иккита аёл мендан мева сотиб олди. Сўнг эса, мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашди. Тез орада, жисмоний ҳолатимдан кўра, Яҳовани ҳамда Унинг ниятини билиш анча муҳимроқ эканини англаб етдим. Бу менга жуда ҳам ёрдам берди. Забур 72:28 севимли оятимга айланди. Унинг биринчи қисмида: «Эй Худо, Сенга яқин бўлганим эса менга яхшидир»,— дея ёзилган.

Кутилмаганда, оиламиз билан Буркина-Фасога кўчдик ва ҳаётим кескин тарзда ўзгарди. Кот-д’Ивуарда яшаган пайтимизда, одамлар мени мева растаси ёнида кўриб ўрганишган эди. Бироқ бу ерда мени ҳеч ким танимасди ва кўпчилик менга ғалати қарарди. Одамлар анқайиб, мендан кўз узишмасди. Шунинг учун, баъзан уйимдан ҳафталаб чиқмасдим. Ўшанда, Яҳовага яқин бўлганим мен учун қанчалар яхши бўлганини эсладим. Шунда, Яҳова Шоҳидларининг филиалига хат ёздим ва меникига мотороллери бор Нани исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй опамиз ташриф буюрди.

Тупроқли кўчалар дастидан йўллар ҳамиша сирпанчиқ бўларди, ёмғирли мафсумда эса лой бўлиб кетарди. Нани меникига тадқиққа келаётганда, кўп маротаба мотороллеридан йиқилиб тушарди, аммо ҳеч ҳам кайфияти ўчмасди. Бир куни, у мени жамоат учрашувларига таклиф қилди. Шуни тушунганманки, бу, уйдан чиқиб, яна одамларнинг ғалати қарашларини енгиш кераклигини англатарди. Бундан ташқари, мотороллерга яна бир киши ўтирса, вазн ортгани боис, унинг юришини янада қийинлаштирарди. Ана ўшанда, севимли оятимнинг иккинчи қисмида: «Эй Эгам Раббий, Сени паноҳим қилиб олдим»,— деб айтилганини эслаб, таклифига рози бўлдим.

Нани икковимиз гоҳида йўл-йўлакай лойга қулаб тушардик. Аммо бу, йиғилишларни қолдиришимизга арзимас эди. Зеро, Йиғилиш Залидаги севгига тўла табассумлар ва ташқаридаги қарашлар ўртасида еру осмонча фарқ бўлган! Тўққиз ой ўтгач, мен сувга чўмдим.

Севимли оятимнинг учинчи қисмида: «Сенинг ҳамма ишларингни айтиб юраман»,— дея ёзилган. Хизмат мен учун энг катта қийинчилик бўлишида амин эдим. Илк бор уйма-уй ваъз қилишга борганим ҳали ҳам эсимда. Болалару катталар кўзларини чақчайтириб менга қарашарди, орқамдан эргашиб, юришимни масхара қилишарди. Бундан роса ранжиган бўлсам-да, улар ҳам мен каби жаннатда яшаши кераклигини ўзимга эслатардим ва таслим бўлмасдим.

Хизматимни енгиллаштириш мақсадида, қўл билан бошқариладиган уч ғилдиракли велосипед сотиб олдим. Ҳамкорим велосипедни тепаликка итариб чиқарарди, сўнг эса пастга тушаётганимизда, дарров орқасига миниб оларди. Аввалига қийинчилик келтирган хизмат, кейинчалик улкан хурсандчилик манбаига айланди. Шундай қилиб, 1998 йили мен доимий кашшофликни бошладим.

Мен анчагина кишилар билан тадқиқ ўтказардим ва уларнинг бештаси сувга чўмиб Яҳованинг Шоҳиди бўлди. Бахтимга, улардан бири синглим эди! Бошқаларнинг муваффақияти тўғрисида эшитиш, кўпинча айнан муҳтож бўлган пайтимда менга далда бахш этарди. Мен безгак касаллигига чалинган эдим ва бир куни у авжига чиққанида, менга Кот-д’Ивуардан хат келди. Гап шундаки, Буркина-Фасода бир талаба билан эшик остонасида тадқиқ бошлаган эдим ва уни биродаримизга топширганман. Кейинчалик, ўша талаба Кот-д’Ивуарга кўчиб кетган. У сувга чўммаган ваъзгўй бўлганини эшитиб, қувончим ичимга сиғмай кетди!

Ўзимни қандай таъминлаётганим билан қизиқаётгандирсиз? Имкониятлари чегараланган кишиларга кўмаклашадиган ташкилот, менга тикувчиликни ўргатишни таклиф қилди. Ўқитувчиларнинг бири қобилиятларимни пайқаб: «Сизни, совун тайёрлашга ўргатишимиз керак»,— деб айтди ва шундай қилишди. Ҳозир эса, уйимда кир ҳамда атирсовун тайёрлайман. Одамларга совунларим ёқади ва уларни ўзгаларга тавсия этишади. Уч ғилдиракли мотороллеримга ўтириб, уларни сотиб юраман.

Минг афсуски, умуртқамнинг шакли ўзгаргани туфайли у ниҳоятда қаттиқ оғрий бошлади ва 2004 йили кашшофликни тўхтатдим. Шундай бўлса-да, хизматда фаол бўлиб қолишга интиляпман.

Одамлар, мени самимий табассумимдан танишларини айтишади. Бахтиёр бўлиш учун барча сабабларга эгаман, чунки Худога яқин бўлганим менга яхшидир! (Сара Майга сўзлаб берди.)