Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Кингсли қила олган бўлса, мен ҳам эплайман!»

«Кингсли қила олган бўлса, мен ҳам эплайман!»

УНИНГ елкасига қоқиб қўйишлари биланоқ, Кингсли Муқаддас Китобни ўқий бошлади. Бу унинг Воизлик мактабидаги илк топшириғи. У биронта ҳам бўғинни қолдирмай, ҳар бир сўзни яхшилаб талаффуз қиляпти. Тўхтанг-тўхтанг! Кингсли нега Муқаддас Китобга қарамаяпти?

Шри Ланкада яшовчи Кингслининг кўзлари ожиз. Шунингдек, унинг қулоғи ҳам оғир ва у ногиронлар аравачасисиз ҳаракатлана олмайди. Аммо қандай қилиб бу киши Яҳова ҳақида билим олган ва Воизлик мактабига ёзилишга тайёрланган? Келинг, тушунтириб берай.

Кингсли билан илк бор танишганимда, у Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга қанчалик чанқоқ эканини кўриб, қаттиқ таъсирланган эдим. Гап шундаки у, бир неча Яҳованинг Шоҳиди билан тадқиқ ўтган ва Брайль шрифтидаги «Абадий ҳаётга олиб борувчи билим» китоби ситилиб кетган эди *. У, тадқиқни қайта бошлаш тўғрисидаги таклифимни қабул қилди, бироқ биз иккита қийинчиликка дуч келдик.

Биринчиси, Кингсли бир нечта бошқа киши билан қариялар ва жисмоний имкониятлари чегараланганлар уйида яшарди. Атроф шовқин ва Кингслининг қулоғи оғир бўлгани боис, бақириб гапирардим. Шунинг учун, ҳар ҳафта ўтказадиган тадқиқимизни уйдаги ҳамма эшитарди.

 Иккинчиси, ҳар галги тадқиқда Кингсли фақат озгина янги маълумотни ўқиб, тушуна оларди. Тадқиқ вақти янада кўпроқ самара келтириши учун Кингсли пухта тайёргарлик кўрарди. У тадқиқ қилинадиган маълумотни олдиндан қайта-қайта ўқирди, Брайль шрифтидаги Муқаддас Китобидан оятларни топарди ва саволларнинг жавобини ақлида тузиб оларди. Бу услуб жуда самарали бўлиб чиқди. Тадқиқ пайтида Кингсли шолчада чордана қуриб ўтирарди, билиб олганларидан ҳаяжонга тўлиб, баланд овозда гапирарди. Тез орада, биз ҳафтасига икки марта тадқиқ ўтадиган бўлдик ва ҳар бири икки соат давом этарди.

УЧРАШУВЛАРГА БОРИШ ВА УЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШ

Кингсли ва Поул

Кингсли Йиғилиш Залида ўтадиган учрашувларга боришни жуда хоҳларди, аммо бу осон эмасди. Нега деганда, у ногиронлар аравачасидан машинага ўтириши, етиб боргандан кейин эса машинадан яна аравачасига ўтириб, Йиғилиш Залига кириши учун ёрдамга муҳтож эди. Шундай бўлса-да, жамоатнинг кўпчилик аъзолари унга галма-галдан ёрдам бериб, буни бажонидил қилишарди. Учрашувлар пайтида Кингсли овозкучайтиргичга (товуш колонкасига) яқинроқ ўтириб, диққат билан тингларди ва ҳатто шарҳлар ҳам берарди!

Бир мунча вақт тадқиқ ўтгач, Кингсли Воизлик мактабига ёзилишга қарор қилди. Мактабдаги илк топшириғи билан чиқишидан икки ҳафта аввал, ундан тайёргарлик кўришни бошладими деб сўрадим. У дадиллик билан: «Ҳа биродар, 30 мартача машқ қилдим»,— деди. Мен уни ҳаракатлари учун мақтаб, ўқиётганини эшитиб кўрмоқчи эканимни айтдим. Кингсли Муқаддас Китобни очиб, бармоқларини Брайль шрифтида ёзилган матнга қўйди-да, ўқий бошлади. Қарасам, унинг бармоқлари матн бўйлаб одатдагидай силжимаяпти. Кингсли, Муқаддас Китобдан ўқиш топширилган матн парчасини ёдлаб олган экан!

Буни кўриб, юзимдан ёшлар оқа бошлади, кўзларимга ишонмасдим! Бор-йўғи 30 марта такрорлаган бўлса, қандай қилиб шунчалик яхши эслаб қолганини сўрадим. Кингсли жавобан: «Мен кунига деярли 30 мартадан машқ қилдим»,— деди. Бир ой ичида, у шолчасига ўтириб олиб, матнни ёдлаб олмагунча такрор-батакрор уни ўқийверган.

Ниҳоят, у Йиғилиш Залида топшириғини бажарадиган кун келди. Кингсли ўқишни якунлагач, жамоат бўйлаб гулдурос қарсаклар жаранглади ва унинг қатъийлигини кўриб кўпчилик кўзига ёш олди. Қаттиқ ҳаяжонланиши туфайли Воизлик мактабида топшириқлар олмай қўйган бир опамиз, мактабга қайта ёзиб қўйишларини сўради. Нима учун? У шундай деди: «Кингсли қила олган бўлса, мен ҳам эплайман!»

2008 йили 6 сентябрда, тадқиқни бошлаганидан уч йил ўтгач, Кингсли ўзини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмди. У охиригача содиқ қолиб, 2014 йил 13 майда оламдан ўтди. Кингсли ер юзидаги жаннатда куч ва мукаммал соғликка эга бўлиб, садоқатли хизматини давом эттиришига амин эди (Ишаё 35:5, 6). (Поул Мак-Манус сўзлаб берди.)

^ 4- х.б. 1995 йилда чоп этилган, ҳозир эса нашр этилмайди.