Асосий материалларга ўтиш

ИНТЕРВЬЮ | РАКЕЛЬ ХОЛЛ

Яҳудий аёл эътиқоди борасида нега фикрини ўзгартирди?

Яҳудий аёл эътиқоди борасида нега фикрини ўзгартирди?

Ракель Холл исроиллик яҳудий аёл ва иудаизм динини қабул қилган австриялик кишининг оиласида туғилган. Она томонидан бўлган бобоси ва бувиси сионизм ташкилотига тегишли эди ва 1948 йили мустақил давлатга айланган Исроилга кўчиб ўтишган. «Уйғонинг!» журналининг мухбири Ракелдан нега у ўзининг яҳудий динини пухта ўрганишга қарор қилганини сўради.

Келиб чиқишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Мен 1979 йили Қўшма Штатларда туғилганман. Уч ёшда бўлганимда, ойим билан дадам ажрашишди. Ойим мени яҳудийларнинг урф-одатларига кўра катта қилганлар ва мени яҳудийларнинг мактаби — Ешивага юборганлар. Етти ёш бўлганимда бир йилга Исроилга кўчиб ўтдик ва мен кибуцда — қишлоқ хўжалик бирлашмасидаги мактабда ўқидим. Кейин ойим икковимиз Мексикага кўчиб кетдик.

Ўша ҳудудда бирорта ҳам ибодатхона йўқ эди, лекин мен яҳудийлар анъанасига содиқ эдим. Шаббат куни шамлар ёқардим, Таврот ўқирдим, дуолар китоби — сиддур ёрдамида ибодат қилардим. Мактабда синфдошларимга диним энг қадимий ва чин эканини айтардим. Исо Масиҳнинг хизмати ва таълимотлари ҳақидаги Янги аҳдни ҳеч қачон ўқимаганман. Тўғриси, ойим бунга йўл қўймаганлар. Ойим ундаги таълимотлар мени заҳарлашидан қўрқардилар.

Нега Янги аҳдни ўқишга қарор қилдингиз?

17 ёшга тўлганимда ўқишни давом эттириш учун Қўшма Штатларга қайтдим. Ўшанда ўзини масиҳий деб атаган бир танишим Исо Масиҳсиз ҳаётим мазмунсиз бўлишини айтди.

Исога фақат адашган одамлар ишонади,— деб жавоб бердим мен.

Янги аҳдни ҳеч бўлмаса бир марта ўқиганмисан?

Йўқ.

Ундай бўлса, ўзинг умуман маълумотга эга бўлмай туриб, олдиндан хулоса чиқармаяпсанми?

Унинг сўзлари қалбимни тешиб ўтди, чунки кўр-кўрона фикр билдирадиган одамларни доим аҳмоқ деб ҳисоблардим. Бундан роса уялиб кетдим. Унинг Муқаддас Китобини сўраб турдим ва Янги аҳдни ўқишни бошладим.

Ўқиганларингиз сизга қандай таъсир қилди?

Янги аҳдни яҳудийлар ёзишганини билиб, ҳайрон қолдим. Уни ўқиганим сари, Исо меҳрибон, камтар, бошқаларни қул қилиб ишлатадиган эмас, уларга ёрдам қўлини чўзишни истайдиган шахс эканини кўрардим. Ҳатто кутубхонага бориб, у ҳақидаги китобларни олардим. Лекин бу китобларнинг ҳеч бири мени у Масиҳ эканига ишонтира олмади. Баъзи китобларда Исони худо деб аташарди ва буни тўлиқ бемаънилик, деб ўйлардим. Ахир Исо ўзига-ўзи ибодат қилмаган-ку? Бунинг устига, у ўлган. Муқаддас Китобда эса Худо ҳақида «Сен ўлмассан» дейилган *.

Бу саволларга қандай жавоб топдингиз?

Ҳақиқат ҳеч қачон ўзига қарши чиқмайди, шунга ҳақиқатни топишга бел боғлагандим. Худога чин кўнгилдан, кўз ёшлар билан ва биринчи марта сиддурдан фойдаланмай ибодат қилдим. Ҳали ибодат қилишга улгурмаганимда кимдир эшигимни тақиллатди. Бу икки нафар Яҳованинг Шоҳиди эди. Улар менга Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун мўлжалланган адабиётлардан бирини беришди. Бу адабиёт ва улар билан қурган кейинги суҳбатларим натижасида Яҳова Шоҳидларининг эътиқоди Муқаддас Китобга асосланганига амин бўлдим. Масалан, улар Исони учликнинг бир қисми эмас, «Худонинг Ўғли» * ва «Худонинг ижодларидан биринчиси» * деб кўришади.

Кўп ўтмай, Мексикага қайтдим ва у ерда шоҳидлар билан Масиҳга оид башоратларни ўрганишда давом этдим. Бу башоратлар қанчалик кўплигини билиб, ҳайратда қолдим! Аммо барибир унчалик ишонмасдим ва шундай ўйлардим: «Башоратлар фақат Исода амалга ошганми? У шунчаки ўз ролини қойилмақом қилиб ижро этган актёр бўлса-чи?!»

Сиз учун нима бурилиш нуқтасига айланди?

Шоҳидлар менга ҳеч бир актёр ижро эта олмайдиган башоратларни кўрсатишди. Масалан, 700 йил олдин Михо исмли пайғамбар Масиҳ Яҳудиянинг Байтлаҳм * шаҳрида туғилишини башорат қилган. У қаерда туғилишини ким ҳам назорат қила оларди?! Ишаё пайғамбар эса Масиҳ жиноятчи сифатида ўлишини, лекин бойлар билан бирга қабрга қўйилишини * башорат қилган. Бу барча башоратлар Исода амалга ошган.

Далилларнинг сўнгги қисми Исонинг келиб чиқиши билан боғлиқ эди. Муқаддас Китобда Масиҳ шоҳ Довуднинг авлоди * бўлиши ҳақида ёзилган. Қадимда яҳудийлар насабномаларни ҳам шахсий, ҳам оммавий архивларда сақлашарди. Агарда Исо Довуд наслидан келиб чиқмаганида эди, душманлари буни ҳар ерда достон қилишган бўларди! Лекин бу уларнинг қўлидан келмасди, сабаби Исо Довуддан келиб чиққани ойдек равшан эди. Ҳатто оломон унга «Довуднинг Ўғли» дея мурожаат қилган.

Исонинг ўлимидан 37 йил ўтиб, яъни мил. 70 йили Рим аскарлари Қуддусни вайрон қилган ва насабномалар ё йўқолган, ё йўқ қилинган. Шунга, одамлар Масиҳнинг келиб чиқишини насабномалар ёрдамида текшира олиши учун, Исо мил. 70 йилгача дунёга келиши керак эди.

Бу сизга қандай таъсир қилди?

Қонунлар 18:18, 19 да Худо Исроилда Мусога ўхшаган пайғамбарни келтириб чиқаришини башорат қилиб, шундай деган: «Кимки ўша пайғамбарнинг Менинг номимдан айтган сўзларига қулоқ солмаса, уни жавобгарликка тортаман». Муқаддас Китобни тўлиқ, чуқур тадқиқ қилиш носиралик Исо айнан ўша пайғамбар эканига мени ишонтирди.