Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

НИМА БАХТГА ЕТАКЛАЙДИ?

Кечиримли бўлиш

Кечиримли бўлиш

«БОЛАЛИГИМДА ҲАҚОРАТ ВА БАҚИР-ЧАҚИР ОИЛАМДА ОДДИЙ ҲОЛ ЭДИ,— дейди Патрисия исмли аёл. — Шу сабабли, мен кечиримли бўлишни ўргана олмадим. Катта бўлганимда ҳам, мени хафа қилишса, бу ҳақда кунлаб ўйлаб юрардим, кечалари кўзимга уйқу келмасди». Ҳа, жаҳлдор бўлиш инсонни на бахтли қила олади, на соғлигига фойда келтиради. Тадқиқотлар ҳам шуни кўрсатяптики, кечиримли бўлмаган инсонлар...

  • қаҳр-ғазабга берилиб, ўзаро муносабатларга путур етказади, одамови бўлиб, ёлғизланиб қолади

  • тезда хафа бўлади, ташвишланади, ҳатто қаттиқ тушкунликка тушади

  • салбий нарсалар ҳақида ўйлайвериб, қувончни йўқотади

  • нотўғри йўл тутаётганидан виждони қийналади

  • қаттиқ стресс ҳис қилади, касалликка чалиниш хавфи ошади, жумладан, юқори қон босими, юрак хасталиги, артрит ва бош оғриғи каби дардларга йўлиқади *

КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ НИМА ДЕГАНИ? Кечиримли бўлиш, сизни хафа қилган инсоннинг гуноҳидан ўтишни, унга жаҳл қилмасликни, хафа бўлиб юрмасликни ва қасос олишни ўйламасликни ўз ичига олади. Лекин бу унинг гуноҳини оқлаш ёки кичрайтиришни ёхуд ўзини ҳеч нима бўлмагандай тутишни англатмайди. Аксинча, бу фазилат бошқалар билан яхши муносабатларни ўрнатиб, аҳил бўлиш истагида намоён бўлади.

Шунингдек, кечиримли бўлиш фаҳм-фаросат фазилатини намоён этишни билдиради. Кечиримли инсон барчамиз сўз ва ишларда гуноҳ қилишимиз мумкинлигини тушунади. (Римликларга 3:23) Муқаддас Китобда ҳам беҳудага шундай маслаҳат берилмаган: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин». (Колосаликларга 3:13)

Бинобарин, кечиримли бўлиш «инсонларни етук даражада бирлаштирадиган» севги фазилатининг муҳим бир қиррасидир. (Колосаликларга 3:14) Боз устига, тиббиётга оид бир нуфузли веб сайтга кўра, кечиримли бўлиш...

  • соғлом муносабатларга замин яратади, жумладан, ҳамдардлик ва тушуниш ҳиссини уйғотиб, раҳмдил бўлишга ундайди

  • руҳий ва маънавий ҳолатни яхшилайди

  • ҳаддан ортиқ ташвишланишдан, стрессга тушишдан ва кек сақлашдан асрайди

  • депрессия симптомларини енгиллаштиради

ЎЗИНГИЗНИ КЕЧИРИНГ. Тиббиёт соҳасига оид бир журналда айтилишича, ўзини кечириш энг қийин мақсадлардан бири, аммо инсон руҳан ва жисмонан соғлом бўлиши учун бу муҳим омил ҳисобланади. Ўзингизни кечиришингизга нима ёрдам беради?

  • Ўзингиздан мукаммалликни кутманг. Аксинча, сиз ҳам ҳаммага ўхшаб хатолар қилиб туришингизни тан олинг. (Воиз 7:20)

  • Хатоларингиздан сабоқ олишни ўрганинг, шунда ўша-ўша хатони қайта қилмайсиз

  • Ўзингизга нисбатан сабр-тоқатли бўлинг. Чунки инсон шахсиятидаги баъзи камчилик ва ёмон одатлардан тезда қутулиш имконсиз. (Эфесликларга 4:23, 24)

  • Далда берадиган, ижобий муносабатга эга, меҳрибон ва шу билан бирга ростгўй инсонлар билан дўстлашинг. (Ҳикматлар 13:20)

  • Борди-ю, кимнидир хафа қилсангиз, хатоингизни тан олиб, кечирим сўрашни орқага сурманг. Ўша одам билан ярашиб олсангиз, ички хотиржамликка эришасиз. (Матто 5:23, 24)

МУҚАДДАС КИТОБ ПРИНЦИПЛАРИ ЧИНДАН ҲАМ АМАЛИЙ!

Юқорида исми тилга олинган Патрисия Муқаддас Китобни тадқиқ қилганидан сўнг, кечиримли бўлишни ўрганди. У шундай деб ёзди: «Ҳаётимни заҳарлаган қаҳр-ғазабдан қутулганимни ҳис қиляпман. Энди ўзим ҳам азоб чекмаяпман, бошқаларнинг ҳам дилини оғритмаяпман. Муқаддас Китоб меъёрлари Худо бизни яхши кўришини ва бизга яхшилик тилашини тасдиқлаяпти».

Рон исмли киши эса шундай деб бўлишди: «Мен бошқаларнинг ўй-фикрини ва ҳаракатларини назорат қила олмайман. Аммо ўзимни назорат қила оламан. Агар тинчлик пайида бўлишни истасам, қаҳр-ғазабни ўзимдан соқит қилишим зарур. Шимол билан жануб қарама-қарши жойлашгани каби бир вақтнинг ўзида ҳам хотиржам бўлиш, ҳам қаҳр-ғазабга берилиш имконсиз эканини тушундим».

^ абз. 8 Манбалар: «Mayo Clinic» ва «Johns Hopkins Medicine» веб-сайтлари, шунингдек, «Social Psychiatry and Psychiatric Epidemiology» журнали.